Мамлакатимиз спортчиларининг жорий йил июль – сентябрь ойларида Парижда ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликда самарадорликка эришиши бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири саналади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида “Париж-2024”да ютуқларни Токио Олимпиадасида бўлгани каби фақат якка кураш спорт турлари ҳисобидан қўлга киритиш фикри мутлақо нотўғри экани, бу галги Олимпия ўйинларидаги натижалар тарихимизда энг яхшиси бўлиши учун зарур чораларни ҳозирдан кўриш лозимлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Франция спорт майдонларида кечадиган тўрт йиллик ўйинларга муносиб тайёргарлик кўриш, йўлланмалар сонини нафақат сон, балки сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш борасида мамлакатимиз спортчиларига давлатимиз томонидан зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Бу олимпия спорт турлари бўйича ўтказилаётган мусобақалар, спортчиларимизнинг ички ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларида узлуксиз иштирок этишига эътибор қаратилаётганида ўз аксини топмоқда.

Халқаро олимпия қўмитаси ахборотида келтирилишича, “Париж-2024” Олимпия ўйинларининг умумий иштирокчи спортчилари сони 10 минг 500 нафар этиб белгиланган бўлса, бугунгача бир қатор спорт турларида йўлланмалар ўз эгаларини топди. Жумладан, Ўзбекистон спортчилари ҳозиргача 17 та “Олимпиада чиптаси”га эга бўлиб турибди.

Хўш, бошланишига олти ойга яқин вақт қолган “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинлари учун яна қанча лицензион мусобақа ўтказилади-ю, спортчиларимиз уларнинг нечтасида қатнашиш ҳуқуқига эга?

Айтиш лозим, 2024 йилнинг июнь ойига қадар дунё миқёсида Олимпия ўйинларига йўлланма ва рейтинг очколарни тақдим этадиган 118 та  мусобақалар ташкил этилади. Бир қатор спорт турларидаги лицензион турнирлар қитъавий тартибда ўтади. Бу, Америка, Африка, Европа ва Осиё қитъаси учун алоҳида ҳамда айрим спорт турларидаги сўнгги жаҳон саралаш турнирларидан иборат. Шундан мамлакатимиз спортчилари Осиё қитъаси ва жаҳон рейтинги ва йўлланмасини берадиган 28 та мусобақада иштирок этиш ваколатига эга.

Жорий йилнинг январидан буён Ўзбекистон спортчилари 2 та Олимпия ўйинлари лицензион турнирида қатнашди. Таассуфки, Индонезия ва Қувайтда ўтган ўқ отиш ва стенддан ўқ отиш йўналишларида Олимпия йўлланмалари қўлга киритилмади.

Февраль ойи давомида эса оғир атлетикачиларимиз Тошкентда рейтинг очколарни тақдим этадиган қитъа чемпионатида қатнашмоқда. Сув спорти вакиллари Қатарда ўтаётган жаҳон чемпионатида ўз омадини синаб кўраётган бўлса, аёллар футболи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 24 ва 28 февраль кунлари Австралия терма жамоаси билан уй ва сафар ўйинида бўладиган ўтиш мусобақасида майдонга тушади.

Шунингдек, юртимизнинг оловқалб спортчилари март ойида бокс ва таэквондо, апрель ойида қиличбозлик, ўқ отиш, велоспорт, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, спорт курашлари, оғир атлетика мусобақаларида, май ойида бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, футбол, июнь ойида эса замонавий беш кураш, дзюдо, сузиш, камондан отиш, слаломда эшкак эшиш йўналишларида “Париж-2024” йўлланмаси учун сўнгги баҳсларни ўтказишади.

Албатта, Олимпиада ўйинларида иштирок этиш “чипта”сини қўлга киритиш бахтига мушарраф бўлиш ҳар бир спортчининг улуғ орзуси. Тасдиқланмаган статистик маълумотларга кўра, шундай бахтга эришиш учун тўрт йиллик Олимпиада цикли давомида дунё бўйича 1 миллион нафардан зиёд спортчи, уларнинг юзлаб мураббийлари, миллий спорт федерациялар вакиллари, бириктирилган шифокор ва бошқа мутахассислар жон-жаҳди билан кураш олиб боради ва бу шараф уларнинг 10 фоизигагина насиб этади.

Спорт майдонида беллашаётган спортчи борки, ютгиси, муваффақият завқини қалбан ҳис этгиси келади. Маҳорати, иқтидори етарли бўлса-ю, миллий ғурури, ватанпарварлик тўйғусида нуқсони бўлганлар ҳеч қачон катта ғалабалар завқини ҳис эта олмаслигини тарихда ўтган юзлаб чемпионатлар, нуфузли мусобақалардаги натижалар бот-бот кўрсатиб келмоқда.

Узоққа бормайлик. Қатарда поёнига етай деб қолган футбол бўйича Осиё кубоги ўйинларидаги ҳолатлар, миллий терма жамоалардаги футболчиларнинг майдондаги хатти-ҳаракатини кузатган, гувоҳ бўлганлар кўрди, қалби уйғоқлар ҳис этди.

Спортда жисмоний куч-қувват билан бирга, миллий ғурур, маънавий идрок муваффақиятнинг омили.

Шу маънода, Ватан шаънини “Париж-2024” Олимпиадасида ҳимоя қилиш, унинг шону-шавкатини дунё бўйлаб намойиш этиш орзуси билан ёнаётган Ўзбекистон спортчиларида ҳам миллий ғурур, ор-номус тўйғусини юксалтирмоқ лозим. Айни ҳаракатлар машғулотларда тобланаётган, мусобақаларда бўй кўрсатаётган спортчиларимизни янги ғалабалар сари чорлайдиган нурли маёқ бўлиши шубҳасиз.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА