Парижда поёнига етган “Катта дубулға” турнирининг сўнгги кунги беллашуви ҳамюртимиз, жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби Алишер Юсуповнинг уч карра Олимпия ўйинлари ғолиби, 11 карра жаҳон чемпиони франциялик Тедди Ринер билан ярим финалдаги беллашуви қизиқарли кечгани билан кўплаб хорижий оммавий ахборот воситалари эътиборини тортди.
Хусусан, Халқаро олимпия қўмитаси тизимидаги insidethegames cайтининг ёзишича, “Катта дубулға” турнири ярим финалининг илк беллашув онларида Юсуповнинг жаҳон дзюдосининг тирик афсонаси Тедди Ринерни вазари ҳисобига доғда қолдириши француз мухлислари қалбига ғулғула солиб қўйгани мусобақанинг энг юқори ҳолатларидан бири сифатида эътироф этилди.
Айнан Юсупов томонидан амалга оширилган усул Франция татамисини бир “қалқитгани”, Ринер учун ушбу баҳс турнирдаги беллашувларнинг энг қийини бўлгани, маҳаллий мухлисларнинг олқишларигина уни яққол мағлубиятдан асраб қолгани жаҳон дзюдосида +100 килограммнинг янги авлоди етишиб келаётганини кўрсатмоқда.
«Париж-2024» Олимпиадасининг муҳим рейтинг очколарини тақдим этган турнирда Франция жамоаси 6 та олтин, 1 та кумуш ва 5 та бронза медали билан умум жамоада 1-ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринлар 2 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалли Япония ва 2 та олтин медаль соҳиби бўлган Германия вакилларига тегишли бўлди.
Терма жамоамиз аъзолари Алишер Юсупов ва Шахрам Аҳадовнинг бронза медаллари ҳисобига Ўзбекистон терма жамоаси 111 та давлат орасида 15-ўриндан жой олди.
Т. Рўзиев, ЎзА