Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Странджа” халқаро мусобақасида мамлакатимизнинг 19 нафар эркак ва 4 нафар боксчи қизлари беллашувларда иштирок этмоқда.
Улар орасида Париж-2024 Олимпиадасининг йўлланмасини қўлга киритган Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков ва Нигина Ўктамова каби тажрибали чарм қўлқоп усталари ҳам бор.
Кеча етмиш беш бор ташкил этилаётган мазкур турнирнинг илк саралаш жанглари ўтказилди. Уларда терма жамоамиз аъзоларидан 54 килограммда Ҳужаназар Нортожиев, 60 килограммда Дилшод Абдумуродов ва Абдумалик Ҳалаков, 71 килограммда Иқболжон Ҳолдоров, 80 килограммда Аълохон Абдуллаев рақибларини мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олишди.
Кичик жаҳон чемпионати номи билан танилган “Странжа” турнирида Арманистон, Хитой, Франция, Ҳиндистон, Ирландия, Таиланд, Туркия, Украина, Ўзбекистан каби 30 га яқин давлатнинг 300 нафар боксчилари иштирок этаётган мусобақалар 11 февралга қадар давом этади.
Ўзбекистонлик ҳакамлардан Бекжон Юсупов, Расул Тулебоев ва Валихон Анашовлар мусбоқаларни бошқариб боришда иштирок этмоқда. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги “74-Странджа” турнирида мамлакатимиз боксчилари 7 олтин, 5 кумуш ва 6 бронза медали билан умумжамоада 1-ўриннни эгаллаганди.
Т. Рўзиев, ЎзА