Қозоғистон фонд биржаси (КАSE) делегацияси 28-29 май кунлари Тошкентда молия-банк муассасалари вакиллари билан учрашди.

“Тошкент” республика фонд биржасида бўлиб ўтган учрашувда қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш, тизимдаги янгиликлар, фонд бозорининг келгуси истиқболлари ҳақида фикр алмашилди. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг инвестиция борасидаги имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Ўзаро ҳамкорлик доирасида меморандум имзоланди.

КАSE делегацияси Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида ҳам бўлиб, ҳамкорлик масалалари юзасидан музокаралар олиб борди.

Томонлар молия-банк соҳасидаги бу каби учрашувлар иқтисодий ривожланишда яхши самара беришига ишонч билдирди.

 

М.Тошқораева, ЎзА