ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳридаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи томонидан буюк мутафаккир ва шоир Бердақ таваллудининг 196 йиллигига бағишлаб, “Бердақ кунлари” ҳафталиги ўтказилмоқда.
Ҳафталик доирасида таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётчи ва тарихчи олимлар иштирокида илмий анжуманлар, таълим муассасалари ва маданият ташкилотлари ҳамкорлигида бадиий-мусиқали кечалар ҳамда тасвирий санъат ва китоб кўргазмалари ташкил этилмоқда.
Музейда ўтказилган навбатдаги ана шундай тадбирда шаҳардаги олий таълим муассасалари талабалари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари, 41-мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ҳамда Есжан Бахши номидаги мусиқа ва санъат мактаби ёшлари иштирок этди.
Ёшлар ижросида гўзал куй ва қўшиқлар, саҳна кўринишлари ижро этилди, Бердақ қаламига мансуб шеърлар ўқилди. Шунингдек, тасвирий санъатга қизиқувчи ёшлар миллийлигимиз ва тарихимизни ўз ижод намуналарида акс эттирди. Музей ходимлари эса ҳафталикка ташриф буюрган каттаю кичикни экспозиция залида сақланаётган тарихий экспонатлар билан таништирди.
Тадбир фаол қатнашган болажонлар, ўқувчи ва талаба ёшлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат+видео),ЎзА