8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 16-саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаол давом эттирилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми, тўғридан-тўғри авиақатновлар сони, сайёҳлар оқими ортиб бормоқда.

Мамлакатимизда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Йил бошидан 500 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри сармоялар жалб қилинди, 200 дан зиёд янги корхоналар ташкил этилди.

Савдо, саноат, инновациялар, энергетика, транспорт, таълим, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳа ва дастурларни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарлари минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.