Покистон Ислом Республикаси муваққат ҳукумати раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар Тошкентда бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммитида иштирок этиш учун 8 ноябрь куни мамлакатимизга келди.

Тошкент халқаро аэропортида меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар билан Нью-Йорк шаҳрида ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессияси доирасида учрашган эди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Покистоннинг ўзаро савдо кўрсаткичлари йил бошидан 75 фоизга ўсган. Шу даврда юк ташиш ҳажми эллик фоизга ошган. Шунингдек, йигирмата янги қўшма корхона очилган.

Аслида, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш ва кооперация алоқаларини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Тўқимачилик, фармацевтика, электротехника ва туризм соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболли саналади.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммити мамлакатлар ўртасидаги ҳали ишга туширилмаган имкониятларни рўёбга чиқаришда муҳим саналади.

Икром АВВАЛБОЕВ,

Носиржон Ҳайрдаров, Отабек Мирсагатов (сурат), ЎзА