Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Қўшма баёнот қабул қилдилар.
Ҳужжатда икки давлатнинг ўзаро муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш нияти қайд этилган.
Икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолатига ҳамда турли соҳаларда давлатлараро муносабатларни чуқурлаштириш истиқболларига баҳо берилган, томонлар халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга, долзарб глобал ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишга интилиши тасдиқланган.
Президентлар ҳузурида молия, таълим, маданият ва икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари бўйича 8 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Жумладан:
- “Самарқанд Француз Альянси”ни ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисида ҳукуматлараро битим;
- Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳукуматлараро молиявий баённомалар (1- ва 2-босқичлар);
- Ўзбекистонда Франция тараққиёт агентлиги ва “ПРОПАРКО”ни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённома;
- ташқи ишлар вазирликлари ўртасида дипломатик кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;
- мактабгача, мактаб, профессионал ва олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича баённома;
- маданий мерос соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;
- профессионал ва техник таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишув.
Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда «SUEZ» ва «Bouygues» компаниялари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида декларациялар имзоланди.