Ҳурматли Хавфсизлик кенгашлари котиблари!

Муҳтарам Бош котиб!

Ҳурматли делегация аъзолари!

Туркий цивилизация марказларидан бири бўлган Тошкент шаҳрига ташриф буюрган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котиблари иккинчи йиғилишининг барча иштирокчиларини чин қалбимдан қутлайман.

Аввало, сизларнинг тимсолингизда ҳамкасбларим – Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларига ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромимни ҳамда Ўзбекистон раислигини қўллаб-қувватлаганлари учун самимий миннатдорчилигимни билдираман.

Туркий давлатлар ташкилотининг жадал ўсиб бораётган салоҳияти ва обрў-эътибори – бу бизнинг дўстлигимиз ва бирдамлигимиз куч-қудратининг ҳамда фақат биргаликда сезиларли ва улкан натижаларга эриша олишимизнинг яққол тасдиғидир.

Самарқандда бўлиб ўтган тарихий саммит якунлари Ташкилот ривожида янги даврни бошлаб берди. Қатор муҳим ҳужжатлар, жумладан савдо ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда Инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битимлар қабул қилинди.

Сўнгги йилда Туркий давлатлар ташкилотида Ўзбекистон раислигида муҳим аҳамиятга молик ва кенг қамровли ишлар амалга оширилди, ҳамкорлигимиз янада кенгайди ҳамда янги юксалиш суръатига эга бўлди.

Бугунги кунга келиб кўптомонлама ҳамкорликнинг барча йўналиш ва соҳаларини қамраб олган ўттиздан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди.

Ташкилотимизни институционал жиҳатдан ислоҳ қилиш, “янги иқтисодий имкониятлар макони”ни яратиш, транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистоннинг раислиги доирасида мамлакатларимизнинг иқтисодиёт, савдо, соғлиқни сақлаш, таълим, космос, энергетика вазирликлари ва идоралари ҳамда махсус хизматлари раҳбарларининг қатор муҳим учрашувлари ўтказилди.

Туркий дунёнинг илм-фан, маданият ва санъат соҳаларидаги тараққиётига ҳисса қўшган атоқли шахсларни тақдирлаш учун таъсис этилган Алишер Навоий номидаги мукофот биринчи марта топширилди. Ўзбекистон Халқаро туркий маданият ташкилотига тўлақонли аъзо бўлди, ТУРКСОЙ ташкил этилганининг ўттиз йиллиги тантанали равишда нишонланди.

Биз Ташкилот захираларидан имкон қадар самарали фойдаланиш ҳамда туркий мамлакатларнинг интеграция борасидаги салоҳиятини барча соҳаларда ошириш бўйича изчил иш олиб борамиз.

Қадрли йиғилиш иштирокчилар!

Бугунги анжуман Ташкилот кун тартибидаги ўта муҳим воқеалардан биридир, чунки ваколатли идораларнинг хавфсизликка қарши замонавий таҳдидларни бартараф қилиш ва мамлакатларимизни барқарор тараққий эттириш йўлларини излаш бўйича ҳамкорликдаги ишлари алоҳида аҳамият касб этиб бормоқда.

Бундай форматдаги учрашув хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш ҳамда бугунги нотинч дунёдаги умумий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда жавоблар ишлаб чиқиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилади.

Ўтган йили Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг биринчи йиғилишида эришилган самарали натижаларни юқори баҳолаймиз.

Ишончим комилки, туркий тилли мамлакатлар Хавфсизлик кенгашлари котиблари даражасидаги кўп томонлама ҳамкорлик механизми Туркий давлатлар ташкилоти маконида хавфсизлик соҳасидаги мулоқотни мутлақо янги даражага олиб чиқади.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари ва аъзолари!

Ушбу йиғилиш халқаро миқёсда мураккаб вазият ҳукм сураётган бир шароитда бўлиб ўтмоқда. Бугунги кунда жаҳон прогноз қилиш қийин бўлган ва ҳатто олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларни келтириб чиқарадиган фундаментал ўзгаришларни бошидан кечирмоқда.

Халқаро майдонда ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш инқирози кескин сезилмоқда. Глобал ва минтақавий хавфсизликка қарши таҳдидлар кучаймоқда ва янги хавф-хатарлар вужудга келмоқда.

Шу муносабат билан сизлар раҳбарлик қилаётган тузилма ва идораларга алоҳида масъулият юклатилмоқда.

Сизлар иштирок этаётган йиғилиш кун тартиби жуда сермазмун, биргаликда қарорлар қабул қилишни ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият юритишни талаб этадиган муҳим масалалар сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.

Бугун сизлар терроризм, экстремизм ва ёшларнинг радикаллашуви, кибержиноятчилик, наркотик воситаларнинг тарқалиши, трансчегаравий жиноий гуруҳлар фаолиятига қарши курашишда кучларни бирлаштириш ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш билан боғлиқ бўлган кенг кўламдаги долзарб вазифалар юзасидан фикр алмашасиз.

Ушбу анжуман мамлакатларимиз ва минтақадаги хавфсизликка нисбатан таҳдидларни бартараф этишда ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш имконини берадиган сермаҳсул фикр алмашувлар ҳамда янги таклиф ва ташаббусларга бой бўлишини тилайман.

Ўзбекистон заминига хуш келибсиз!

Мамлакатимизга ташрифингиз мазмунли ва самарали бўлсин!

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти