Чимбойлик Одилбой Тожимуратовни кўпчилик моҳир заргар сифатида яхши танийди. Унинг қўлида сайқал топган заргарлик буюмлари нафис ва кўркамлиги билан ажралиб туради.
Одилбой ижодкорлар оиласида туғилган, отаси Дарибой Тожимуратов таниқли рассом ва ҳайкалтарош. Оиладаги муҳит сабаб Одилбой болалигидан ижодга қизиқди. Мактабни тамомлагач, пойтахтдаги Беньков номидаги Республика рассомлик касб-ҳунар коллежининг “Заргарлик” бўлимида таҳсил олди.
2005 йилдан “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган заргар фаолияти давомида қорақалпоқ халқининг йўқолиб кетиш даражасига келган 20 дан ортиқ заргарлик буюмларини қайта тиклашга эришди. Ўз заргарлик маҳсулотлари билан мамлакат ҳамда халқаро миқёсдаги қатор кўргазма ва фестивалларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, ҳунарманд “Устоз-шогирд” анъанасини давом эттириб, ёш авлодга заргарлик сир-асрорларини қунт билан ўргатаётир.
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА