Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёш авлодни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг божхона соҳасига бўлган қизиқишини мактаб даврлариданоқ шакллантириш мақсадида 2022 йил март ойидан бошлаб божхона органлари томонидан биттадан мактаб оталиққа олиниб, ушбу таълим муассасаларида “Ёш божхоначи” тўгараги ўз фаолиятини бошлаган.
Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасига бириктирилган Нукус шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактабидаги божхона соҳасига қизиқиши юқори бўлган ўқувчилардан таркиб топган “Ёш божхоначи” тўгараги аъзолари учун божхона органлари томонидан маданий ва маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, тўгарак аъзоларининг маданий ҳордиқ олишини таъминлаш, дунёқарашини кенгайтириш ва уларда миллий ватанпарварлик туйғуларини уйғотиш мақсадида божхоначилар ҳамроҳлигида Мўйноқ туманига саёҳат ташкил этилди.
Қорақалпоғистон диёрининг азим туманларидан саналувчи ушбу масканга саёҳат давомида ўқувчилар “Кемалар қабристони”да бўлиб, Орол денгизининг қачонлардир шу ҳудудларгача келганлиги ва айнан ушбу кемалар “денгизини йўқотганлиги” ҳақиқатига яна бир бор амин бўлишди. Ёшлар ушбу масканларда бўлиб, Орол денгизининг қуриши муаммолари ва унинг қуриган ҳудудларида саксовулзорлар барпо этишнинг аҳамиятини ҳис қилдилар.
Ўқувчи ёшлар учун бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши уларнинг она Ватан, она табиат қадрига етиши, уни асраш учун ўз ҳиссасини қўшишдек масъулиятни ҳис этишига ҳам туртки бўлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА