Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида парламент палаталари ваколатларига оид янги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси билан парламент палаталарининг фаолиятини тартибга солувчи қонунларни янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқлаштириш мақсадида 13 та қонун ва 1 та кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

— Ушбу қонун лойиҳасига кўра, Сенат аъзолари ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши (жами 65 нафар) белгиланяпти, — деди депутат Шербек Бўронов. — Доимий асосда ишловчи сенаторлар сони амалдагидек 25 нафар миқдорда сақланиб қолинмоқда. Сенатнинг айрим ваколатлари бекор қилиниб, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида белгиланяпти. Хусусан, давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш, Президентнинг тақдимига биноан Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш, Бош вазир, Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш Қонунчилик палатасининг ваколатлари сирасига киритилмоқда. Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилмоқда. Бунда Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланмоқда. Фракция раҳбари моддий, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра Спикер ўринбосарига тенглаштирилмоқда. Бу муҳим ўзгариш фракциялар, депутатлар фаолиятининг янада кучайишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, лойиҳага кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати киритилмоқда. Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилади. Сенатнинг янги таркиби эса 1 ой мобайнида шакллантирилади. Депутат ва доимий ишлайдиган сенаторларнинг ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолият билан бир қаторда ижодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда, — деди маърузачи.

Қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ўзгаришлар парламент палаталарининг ҳамда қонун ижодкорлиги фаолиятини тартибга солувчи қонунларни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришга, кучли парламент тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, йиғилишда бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

М.Комилова,ЎзА