“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туман бўлинмаси томонидан умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Ҳашар – элга ярашар” мавзусида иншолар танлови ўтказилди.

Мазкур танлов “Маҳаллаларда ободликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолининг тиббий ва экологик маданиятини ошириш” мавзусидаги “Обод маҳаллам” номли грант лойиҳаси доирасида “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти, туман маънавият ва маърифат бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди. Аҳоли, айниқса, ёшларни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, табиий ресурсларни тежашга даъват қилиш, уларнинг экологияга оид билимларини ошириш мақсадида ўтказилган танловда 10 та мактабдан  31 нафар ўқувчи иштирок этди.

Иншолар танловининг якунида тумандаги 28-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Ирода Озодбоева “Мавзуга оид равон фикрлари учун” биринчи ўринга, 32-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Сабрина Турсунбоева “Энг яхши эзгулик тарғиботчилиги учун” иккинчи ўринга, 11-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Ҳакимбек Йўлдошев “Шахсий фикрини равон баён қилгани учун” учинчи ўринга муносиб деб топилди.

Танлов ғолиблари ва фаол иштирокчилар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Амударё туман бўлинмаси томонидан тайёрланган фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА