Навбатдаги “Марказий Осиё – Корея Республикаси” ҳамкорлик форуми ноябрь ойида Ашхободда Туркманистон раислигида ўтади. Бу ҳақда TDH агентлиги Президент Сердар Бердимуҳамедовнинг Жанубий Корея етакчиси Юн Сок Ёль билан учрашувидан кейин маълум қилди.

Агентлик хабарига кўра, етакчилар Нью-Йоркда гаплашган.

Туркманистон раҳбари “форум минтақа даражасидаги иқтисодий ва маданий-гуманитар лойиҳаларни Жанубий Корея билан ҳамкорликда мувофиқлаштиришга хизмат қилади”, деб таъкидлаган.

Томонлар Туркманистон–Жанубий Корея алоқалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлиги тенг ҳуқуқ, ҳурмат ва ишонч тамойилига асосланган ҳолда фаол ривожланишига ишонч билдирди.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, икки давлат муносабатини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш учун зарур саъй-ҳаракатларни бирга амалга оширишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.