Япония ҳукуматида амалга оширилган ўзгаришлар ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш соҳасида мамлакат тараққиётига муҳим ҳисса қўшади. Бу ҳақда Бош вазир Фумио Кисида журналистларга баёнот берди.

“Биз мамлакатимизнинг бундан кейинги тараққиётига хизмат қиладиган, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда ижтимоий ва иқтисодий соҳаларга доир ўзгаришларни амалга оширдик”, деди у.

Бу Кисида Либерал-демократик партия етакчилиги ва Бош вазир лавозимига келгандан кейин ҳукуматда юз берган учинчи ўзгариш.

Бу гал ўн бир нафар, жумладан ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари янгиланди.

Кисида Вазирлар Маҳкамасининг муҳим таркибини сақлаб қолди, ҳукмрон партияда, деярли, ўзгариш қилмади.

Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари этиб собиқ адлия вазири, 70 ёшли Ёко Камикава тайинланди. Янги мудофаа вазири лавозимини 54 ёшли Минору Кихара эгаллади. Авваллари у вазир эмас, ҳукумат раисининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчси бўлган.

Вазирлар Маҳкамаси таркибидаги муҳим соҳалар вазирлари лавозимини сақлаб қолишди. Молия, иқтисодий хавфсизлик, рақамлаштириш масалалари, иқтисод, савдо ва саноат вазирлари шулар жумласидан.