Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунъюйни қабул қилди.

Учрашув аввалида мамлакатимиз етакчиси юқори даражали меҳмонни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг етакчи тармоқ тузилмаси раҳбари этиб қайта сайлангани билан қутлади ҳамда шу кунларда Самарқанд шаҳрида ўтаётган конференцияни қўллаб-қувватлагани ва унинг ишида шахсан иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирди. 

ФАО бош директори Ўзбекистон Президентини глобал миқёсда долзарб бўлган мавзудаги ушбу халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси муваффақиятли рўёбга чиққани ва тадбир юксак даражада ташкил этилгани билан табриклади.

Озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солаётган бугунги хавф-хатарларга қарши, шу жумладан минтақа даражасида курашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Аграр тармоқни ривожлантиришдаги номутаносибликлар, сув ресурсларининг танқислиги, қўшимча қиймат яратишнинг узун ва самарасиз занжирлари, логистикадаги узилишлар ва бошқалар барқарор ривожланиш учун асосий хатарлар сифатида қайд этилди.

Ўзбекистон ва ФАО ўртасида 2030 йилга қадар мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурига қишлоқ хўжалигини илмий тадқиқотлар ва инновациялар асосида модернизация қилиш, аграр соҳани рақамлаштириш, молиявий қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан воситаларини амалга ошириш ва агроозиқ-овқат тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича қўшма тадбирларни киритишга келишиб олинди.