Мамлакатимиз қонунчилигида жорий йилнинг 1 сентябридан айрим ўзгаришлар рўй беради.
Хусусан, банклар устав капитали 2 баробарга оширилади. Судланганликни бепул “олиб ташлаш” мумкин бўлади. Сайёҳлик фирмаларига енгилликлар берилади. Ўзбошимча қурилган конструкцияларга “рейд” ўтказилади ҳамда маданий объектлар ҳимоя қилинади.
ОТМларнинг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмончилик, “яшил” иқтисодиёт ва гидрометеорология ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларидаги энг иқтидорли талабалари учун Экология вазири стипендияси берилади.
Энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш ва мукофот пули олиш мумкин бўлади. Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқи ҳимояси кучайтирилади ҳамда ногиронларга енгилликлар берилади.
Мактаб директорларига бир қатор ҳуқуқлар берилади. Хусусан, мактаб директорига ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, ажратилган умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади. Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг мактаб фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш бўйича ваколатлари бекор қилинади.
Ҳудудларда энг тажрибали мактаб директорларидан иборат Директорлар кенгашлари тузилади. Мактаб директорлари Директорлар кенгаши тавсиясига асосан ҳудудий бошқармалар томонидан очиқ танлов асосида лавозимга тайинланади.
ЎзА