Жорий йилнинг 6-8 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида “Қўриқлаш ва хавфсизлик. Ёнғинга қарши ускуналар ва тизимлар. Саноат хавфсизлиги технологиялари. IT ечимлари ва маълумотлар хавфсизлиги – Securex Uzbekistan 2023” ва “Электроника, электротехника, яшил энергетика ва инновацион технологиялар – UzE-TechExpo 2023” халқаро кўргазмалари ўтказилади.

«Iteca Exhibitions» халқаро кўргазмалар компанияси менежери Нодира Ҳайитбоева ушбу кўргазмаларнинг очилишига тараддуд кўриш жараёнлари ва иштирокчилари ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди.

– Очиғини айтиш керакки, бу кўргазмаларни ташкил этиш мамлакатимиз ишлаб чиқариш соҳаси равнақида муҳим аҳамиятга эга, –деди Н.Ҳайитбоева. – Тез кунларда очилиши кутилаётган “Securex Uzbekistan 2023” 14-халқаро кўргазмаси “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” томонидан ташкил этилаётган бўлса, “UzE-TechExpo 2023” кўргазмаси ташкилотчилари – “Congresses of Central Asia – CCA” ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” халқаро кўргазма компанияларидир.

Бугунги кунда саноат ишлаб чиқаришининг ривожланиши, саноат ва уй-жой мажмуаларини қуриш ҳажмининг ошиши фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, объектларни қўриқлаш, ёнғин, экологик, саноат ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини келтириб чиқармоқда. Бундай талаблар эса анъанавий “Securex Uzbekistan 2023” халқаро кўргазмасида намойиш этиладиган энг янги ускуналар ва технологияларнинг кўламини кенгайтиришга замин яратмоқда.

Ушбу кўргазмада Ўзбекистон, Беларусь, Финляндия, Германия, Исроил, Қозоғистон, Россия ва Хитой компаниялари иштироки кутилмоқда. Улар томонидан “ақлли уй” технологиялари, саноатни автоматлаштириш, видеокузатув тизимлари, радиацион назорат ускуналари, ҳужжатлар, банкноталар ва қимматли қоғозларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун эксперт маҳсулотлари, махсус кийим, ҳарбий кийим ва иш кийимлари, тармоқ ва телекоммуникация ускуналари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва махсус идоралар учун IT ечимлари тақдим этилади.

“UzE-TechExpo 2023” халқаро кўргазмаси эса электротехника тармоғи учун замонавий ускуналарни тақдим этади.

Ўз навтабида, электротехника Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳаракатга солувчи тармоқлари сирасидан. Кейинги 5 йил ичида соҳага 560 миллион доллар сармоя киритилди ва 163 та янги лойиҳа ишга туширилди. Ҳозирги вақтда 1,2 миллиард долларлик 205 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Натижада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми 5 баробар, экспорт ҳажми 3 баробар ошди.

Президентимизнинг 2022 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ электротехника соҳасида келгуси уч йил ичида жами 604,9 миллион доллар, шундан 183,0 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган.

Бундай талаблар ижросида “UzE-TechExpo 2023” халқаро кўргазмаси электротехника ва электроника саноатининг деярли барча соҳаларида янгиликларни намойиш этиш учун катта майдон ҳисобланади. Кўргазмада бу йил Хитой, Россия, Туркия ва Ўзбекистондан электр, электроника, маиший техника, алоқа тизимлари ва телекоммуникация ускуналари ҳамда қуёш панелларининг кенг ассортиментини тақдим этувчи компаниялар қатнашади.

Энг муҳими, кўргазма технологиялар, ускуналар ва материаллар, компонентлар ва модуллар, ўлчаш ускуналари, қувват манбалари, симсиз технологиялар, электр ишлаб чиқариш, кабеллар, “ақлли уй” ечимлари, замонавий маҳсулотларнинг сўнгги ишланмаларини намойиш этишга ҳамда соҳа вакиллари, мутахассислар учрашувлари ва бизнес алоқаларини ўрнатишга кенг йўл очиб беради.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди