Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат харидларида қонунчилик талабларига риоя қилиниши ҳолатларини мониторинг қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Масофавий мониторинг тадбирларида айрим давлат буюртмачилари томонидан қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.

Жумладан, Зафаробод тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби буюртмаси асосида спорт инвентарлари харид қилиш бўйича ўтказилган 286 миллион сўмлик;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси томонидан ёзги мажлислар учун чарм томли сўри қуриш ўтказилган 912,4 миллион сўмлик;

Самарқанд шаҳридаги Президент мактаби буюртмаси асосида мактаб формалари харид қилиш учун ўтказилган 311,8 миллион сўмлик;

Қизилтепа тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан транспортда юк ташиш хизмати кўрсати юзасидан ўтказилган 300 миллион сўмлик;

“2 – кўприкқурилиш отряди” унитар корхонаси буюртмаси асосида  қолип эҳтиёт қисмлари харид қилиш учун ўтказилган 868,5 миллион  сўмлик;

Самарқанд йўловчитранс давлат корхонаси томонидан “40 та автобекатга ўрнатилган ЛЕД дисплейларни қабул қилиш карталари ва электрон модулларини кўчайтириш хизмати учун ўтказилган 494 миллион сўмлик;

Қува тумани 62-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати буюртмасига кўра қуёш панеллари етказиш ва  ўрнатиб бериш хизмати учун ўтказилган 200 миллион  сўмлик;

Пайариқ тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан генератор харид қилиш учун ўтказилган 300 миллион сўмлик;

Булунғур туманидаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби буюртмасига асосан эмульция ва краска сотиб олиш юзасидан ўтказилган 42 миллион сўмлик давлат харидларида қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.

Агентлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, ушбу харидларда иштирок этган талабгорларнинг ҳужжатлари харид комиссияси аъзолари фойдаланган қурилмалар (IP-манзиллари бир хил) орқали электрон платформага юкланган ҳамда иштирокчиларнинг таклифлари харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилган баҳолаш мезонларига зид равишда баҳоланган.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг рақобат ва холислик принципи, манфаатлар тўқнашуви, харид комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат харидлари жараёнидаги чекловлар билан боғлиқ меъёрлари бузилган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низом  талабларига амал қилинмаган.

Мазкур ҳолатлар бўйича Агентлик томонидан харид комиссияларининг баённомаларини бекор қилиш тўғрисида буюртмачиларга киритилган тақдимномаларга аосан қонунбузарликлар бартараф этилди.

Шунингдек, ушбу ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган.

Н.Абдураимова, ЎзА