Ер умуммиллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида баён этилганидек,
ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлод манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат.
Сўнгги йилларда ер билан боғлиқ муносабатларни самарали тартибга солиш, ерларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш, ерга оид низоларни олдини олиш, бу борада фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга оид муҳим қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сонли «Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан «Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламенти» тасдиқланиб, ушбу регламентга кўра ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратиладиган ҳолатлар рўйхати, ер участкасини доимий фойдаланишга ажратиш учун материалларни тайёрлаш тартиби, ер участкаси ажратиш материалларини ваколатли органлар билан келишиш тартиби, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ер участкасини доимий фойдаланишга ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби белгилаб берилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартиришлар киритилиб, нотураржой объекти эгаллаб турган ер участкаси олиб қўйилган тақдирда — томонларнинг келишувига кўра мулкдорга ўша ёки бошқа туманда (шаҳарда) жойлашган майдони аввалги нотурар жой объектининг умумий майдонидан кичик бўлмаган нотурар жой объекти мулк қилиб берилиши, эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқида тегишли бўлган ер участкаси олиб қўйилган тақдирда — ушбу ҳуқуқ эгасига майдони аввалгисига тенг бўлган бошқа ер участкаси берилиши билан боғлиқ нормалар чиқарилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари қаторида Вазирлар Маҳкамасининг «Ер участкалари бериш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилишнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 январдаги 63-сонли қарори ҳам ўз кучини йўқотди.
Ерга оид муносабатларни тартибга солиш юзасидан қабул қилинган ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.
Ж.Аймаганбетова,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги