Жорий йил 15 августда Президентимизнинг “Уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан тизимда қандай ўзгаришлар амалга оширилиши ҳақида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов қуйдагиларни сўзлаб берди:
– Қарорга мувофиқ, 2024 йил январдан бошлаб нотариус томонидан кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар мулкдорнинг мажбурий бадал бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги аниқланганидан сўнг тасдиқланиши белгиланди.
Шу билан бирга, янги мулкдорга унда уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи юзага келган пайтдан эътиборан умумий мол-мулкни сақлаш бўйича мажбурий тўловларни амалга ошириш мажбурияти юкланади.
Бугунги кунда кўп квартирали уйларни эксплуатация қилиш тарифларининг ўртача миқдори 1 метр квадрати учун 554 сўмни ташкил қилади. Мисол учун, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Чилонзор, Яшнобод туманларида тариф 800 сўмгача бўлиб, ушбу маблағлар эксплуатация харажатларини қопламайди.
Бу бошқарув ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатига салбий таъсир ўтказмоқда. Шу боис қарор билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдорини белгилаши кўзда тутилган.
Шунингдек, кўп квартирали уйга қарз ва кредитларни жалб қилиш бўйича қарор нотариал тасдиқланиши ва унга мулкдорларнинг юз фоиз овоз бериши тартиби жорий этилади.
Республикада мавжуд 800 дан ортиқ бошқарувчи ташкилот ва 217 ширкатда 20 мингдан ортиқ ходим фаолият юритаяпди.
Эндиликда кўп квартирали уйларни бошқариш органлари раҳбар ва муҳандис ходимларининг ҳар йили камида бир марта ҳамда сантехник, электрик, пайвандчи ходимларининг ҳар уч йилда камида бир марта касбий малакасини тасдиқлаш бўйича тартиб ўрнатилади.
Қарорда бошқарувчи ташкилот жалб этилмаган кўп квартирали уй-жойлар фойдаланишга қабул қилинмаслиги кўзда тутилган.
Бошқарувчи ташкилотлар фойдаланишида бўлган давлатга тегишли бино ва иншоотларни “Коммунал таъминот маркази” давлат муассасасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказиш ва уларни бошқарувчи ташкилотларга минимал ставкада ижарага топшириш назарда тутилмоқда.
Қарор билан реновацияни амалга оширишнинг аниқ механизми ишлаб чиқилади. Бунинг учун масъул бўлган вазирлик ва идоралар иштирокида ишчи гуруҳ тузилади.
1991 йилгача қурилган уйларнинг аксариятида ички муҳандислик тармоқлари ва конструкциясига мулкдорлар томонидан ўзгартириш киритилганини айтиб ўтиш керак.
Иссиқлик тизимига ўзгартириш киритилгани (иссиқ пол, балконга қўшимча иситиш юзалари ўрнатилгани) аниқланган.
Оқибатда кўп квартирали уйларнинг иссиқлик таъминоти тизимларига жиддий зарар етказилган.
Шу боис Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси иссиқлик таъминотидан фойдаланиш талабларига риоя этилиши ҳамда умумий мол -мулк ва уларга туташ ер участкаларида амалга оширилган таъмирлаш – тиклаш ишларининг норматив ҳужжатларга мувофиқ бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
ЎзА мухбири Шаҳноза Маматуропова ёзиб олди.