“WAM” ахборот агентлиги хабар беришича, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган пара пауэрлифтинг бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати дастлабки кунида 7 нафар ўзбекистонлик спортчи юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Эркаклар ўртасида 65 кг вазн тоифасида Охунжон Мусурмонқулов 117 кг натижа билан олтин медални қўлга киритди. 72 килограммгача вазнли атлетлар ўртасида эса Умиджон Арзиматов 110 кг натижа қайд этиб, терма жамоамизга иккинчи олтинни келтирди.
Шахсий вазни 88 килограммдан енгил полвонлар гуруҳида иштирок этган Жасурбек Йўлдошев ҳам 135 кг натижа билан шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.
Эслатиб ўтамиз, чемпионат 30 августга қадар давом этади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА