Халқаро бокс федерацияси (IBF) буйруғига кўра, чемпионлик камари учун ўтказилиши керак бўлган пуэрто-риколик Сабриэль Матиас ҳамда ҳамюртимиз Шоҳжаҳон Эргашев жанги учун промоутерлик савдоси ташкил этилди.

Аукционда «TGB Promotions» ғолиб бўлди. IBF икки боксчининг ҳам промоутерларига 7 кун муҳлат берганди. Бу муддат ичида томонлар жангнинг молиявий тақсимотини келишиб олиши керак эди. Бироқ якунда промоутерлар муросага кела олишмаган. Энди Эргашев – Матиас жангини «TGB Promotions» ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг хабар беришича, ушбу жангни ташкил қилувчи промоушен томонларга умумий ҳисобда 510 минг АҚШ доллари ажратади. Баҳс қандай натижа билан якунланишидан қатъи назар, Сабриэль Матиас Эргашевга қарши баҳсдан 357 минг АҚШ доллари, Ўзбекистон вакили эса 153 минг доллар даромадга эга бўлади.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА