Хабар берганимиздек, Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов кейинги фаолиятини Италиянинг “Каляри” жамоасида давом эттирмоқда.
Куни кеча “Каляри” футбол клуби сайти футболчиларнинг 2023/2024 йилги футбол мавсумида қайси рақам остида ҳаракатланиши бўйича маълумотларни эълон қилди.
Унга кўра, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов “Каляри” жамоаси таркибида 61-рақамда ҳаракатланадиган бўлди.
“Каляри” жамоаси бош мураббийи Клаудио Ранери яқинда ўтказилган матбуот анжуманида жамоасининг мавсумга тайёргарлиги хусусида сўз юритиб, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди:
– Ишқибозларнинг қўллаб-қувватлаши асосида муносиб ўйин кўрсатишимизга ишонаман. Жамоа жисмоний ва руҳий қувват билан ҳаракат қилиши учун барча имкониятларимиз етарли. Жамоанинг ҳар бир аъзоси бу йўлда ўз иқтидорини намойиш этади, албатта. Шомуродов ҳаракатчан йигит. Яқинда биз унинг юз фоизлик имкониятларини майдонда кўрамиз, – дея таъкидлаган мураббий.
Т. Рўзиев, ЎзА