Туркия Европа Иттифоқига кириш бўйича музокарани давом эттирмоқчи ва айни йўналишдаги илк қадамни ЕИдан кутмоқда. Бу ҳақда республика Молия ва ғазначилик вазири Меҳмет Шимшек маълум қилди.

“Бизга кераги – жуда долзарб ҳисобланган Европа интеграцияси йўлини давом эттириш, ЕИни ўзгаришлар учун илҳом манбаи сифатида кўрамиз”, деди вазир.

Шунингдек, у якуний аъзолик учун биринчи зарур қадам сифатида ҳамжамият “баъзи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хизматларни Божхона иттифоқига қўшиш”и зарурлигини айтди.

“Bloomberg” таъкидлашича, Туркия инфляция даражаси ортиб бораётгани учун иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга кўпроқ хорижий сармоя жалб қилишга интилмоқда. Марказий банк раҳбари Ҳафиз Гай Эркан тахминига кўра, жорий йил инфляция 58 фоизни ташкил қилади.

Брюссель ва Анқара ЕИга аъзо бўлиш бўйича музокарани 2005 йил бошлаган. Бажарилиши лозим бўлган 35 банддан 16 таси ҳал этилмаган. Шунга қарамасдан, Туркия Иттифоқнинг асосий иқтисодий ҳамкорларилан ҳисобланади.