Япония етти йўналишда ҳарбий харажатни бир неча баробар оширади, дейилган мамлакат мудофаа вазирлиги ҳар йили эълон қиладиган “Оқ китоб”да.
Ҳисоботдан маълум бўлишича, кун чиқар юрт мудофаа қобилиятини кучайтирадиган етти асосий йўналишга кейинги беш йил 43,5 триллион иена (322,2 миллиард доллар) ажратмоқчи. Жорий беш йиллик, яъни 2019-2023 йиллар учун 17,2 триллион иена (127,4 миллиард доллар) сарфланган.
Кучайтирилиши зарур йўналишлардан бири сифатида кўрилаётган узоқ масофадан душманни маҳв этадиган ракеталар ишлаб чиқаришга 37 миллиард доллар йўналтирилади. Охирги беш йил айни мақсадга 1,48 миллиард доллар кетган.
Ракета ҳамда ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини мустаҳкамлашга 22 миллиард доллар белгиланган.
Масъуллар фикрича, дрон ишлаб чиқаришга аввалги беш йилликка нисбатан 10 баробар, яъни 7,4 миллиард доллар кўпроқ пул керак бўлади.
Коинот кенглигида мудофаани таъминлашга 59,3 миллиард доллар сарфланиши кўзда тутилган.
Ахборот таъминоти ва бошқарув тизимини ташкил қилишга 14,8 миллиард доллар кетади. Мудофаа имкониятини мустаҳкамлаш, хусусан, ўқ-дори ишлаб чиқаришга 14,8 миллиард, техникани таъмирлаш ва жанговар ҳолатда ушлаб туриш учун 66,6 миллиард, объектларни такомиллаштиришга 29,6 миллиард доллар сарф қилинади.
Ҳарбий саноатни ривожлантириш ва мудофаа тадқиқотига 10 миллиард доллар ажратилади, қолган 48,8 миллиард доллар “бошқа эҳтиёжлар” учун мўлжалланган.
Ҳужжатда қарши зарба бериш воситаларини ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилиши айтилган. Бундан кўзланган мақсад нафақат учиб келаётган ракетани ҳавода уриб тушириш, балки душманнинг кейинги эҳтимолий зарбаларини ҳам бартараф қилишдир.
“Оқ китоб” Япония мудофаа вазирлигининг дунёдаги вазият ҳамда мамлакат мудофаа кучлари фаолияти тўғрисида тайёрланадиган йиллик ҳисоботидир. Китоб илк бор 1970 йил нашрдан чиқарилган, 1976 йилдан бошлаб ҳар йили эълон қилинади. Стратегик ҳужжат ҳисобланган ушбу ҳисобот жума куни ҳукуматга тақдим этилди.
ЎзА