ФОТОРЕПОРТАЖ

Пойтахтимизнинг “International” меҳмонхонасида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтаётган нуфузли турнирнинг сўнгги босқичи бошланди.

Бугун шахматнинг стандарт йўналишида  9-тур ўйини бўлиб ўтди. Тур натижаларига кўра, ҳамюртимиз Гулдона Каримова 7 очко тўплаб, ўз гуруҳида ғолибликни қўлга киритди. 9 имкониятдан 7 очко жамғара олган Асроржон Омонов, Акобирхон Сайдалиев ва Акбарали Абдуҳакимовлар ҳам ўз гуруҳларида ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин эгаллади. 13 ёшгача бўлганлар гуруҳида муғулистонлик Ганбат Тенгундалай тенгдошларидан энг кўп 8 очко тўплади ва гуруҳ пешқадами бўлди. Қиз болалар ўртасидаги ушбу гуруҳда эса  Мудалиге С М И Уманди (Шри ланка) 6 очко билан ғолибликни қўлга киритди. Ҳиндистонлик Вем Малхотра (9 ёш) ўз гуруҳида 7,5 очко тўплади ва ғолиб бўлди. Қизлар орасида Идер Цельмуун (Муғулистон) ҳам шунча очко билан ғолибликни қўлга киритди.

Эртага Осиё чемпионатининг сўнгги куни. Куннинг биринчи ярмида мактаб ўқувчилари шахматнинг блиц йўналиши бўйича маҳоратини синовдан ўтказади. Куннинг иккинчи ярмида эса Осиё чемпионатининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилиши белгиланган.

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА