Халқаро бокс ассоциацияси афсонавий боксчимиз Руфат Рисқиевни автомашина билан тақдирлади. Бу ҳақда Халқаро бокс ассоциацияси хабар берди.

Хабарда айтилишича, Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) раҳбари Умар Кремлев куни кеча Тошкентга келиб, бокс оламида ўзига хос шуҳратга эга Руфат Рисқиевга махсус сертификат ҳамда «Малибу 2» автомобилини совға қилди ва бокс оиласи номидан унинг меҳнатига миннатдорчилик билдирди.

Шунингдек, учрашув давомида ҳамюртимиз Руфат Рисқиев Халқаро бокс ассоциацияси президентининг фахрийлар масаласида маслаҳатчиси этиб тайинлангани эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, бокс бўйича жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори Руфат Рисқиевга IBA томонидан умрбод 1000 доллари миқдоридаги маош тайинланган.

Т.Рўзиев, 

ЎзА