Шу кунларда иқтидорли боксчимиз Исроил Мадримов навбатдаги жангини супер ярим ўрта вазнда (69,8 кг) “WBА” чемпионлик камари учун бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

ЎзА мухбири Исроил Мадримов билан олдинда турган режалар,  машғулотлар ва жанг ҳақида суҳбатлашди.

– Исроил, барча мухлисларингиз кутаётган жанг ҳақида тўхталсангиз.

– Навбатдаги жангни қачон ва ким билан бўлиши аниқ эмас. Бироқ “WBA” чемпионлик камари учун бўлиши мумкин. Тўғири аввалроқ, “Matchroom Boxing” промоутерлик компанияси раҳбари Эдди Хирн менинг британиялик Жеймс Меткалф билан жанг ўтказишим эҳтимоли баландлиги ҳақида хабар берган эди. Бироқ бунга аниқ қарор қилинмаган. Ҳозирда промоутерлар келишувлар ва таклифларни кўриб чиқмоқда. Вакант қолдирилган чемпион камар учун ринга кўтарилишим мукин. Нима бўлганда ҳам тез орада жанг ўтказишни кутмоқдаман.

– Айни кунларда нималар билан бандсиз?

– Ҳозирда Тўлқин Қиличов қўл остида машғулотлар ўтказмоқдаман. Бироқ жанг куни ва рақиб аниқ эмаслиги боис машқларни кўпайтирмаяпмиз. Асосан жисмоний ҳолатни бир маромда ушлаб турувчи машқларни бажармоқдаман.

–Ҳаваскор боксда яхши натижалар қилгансиз. Айтинчи, ҳаваскор боксга қайтиш ниятингиз борми?

–  Ҳаваскор боксга қайтиш орзуим бор, лекин ҳозирги мақсадим профессионал боксда жаҳон чемпиони бўлиш ва бу мақсад йўлида барча тўсиқлардан ўтишга тайёрман. Ҳаваскор боксга ўтиш ва ўтмаслигим эса жаҳон чемпиони бўлганимдан сўнг ойдинлашади.

Бугун, боксчиларимиз эришаётган ютуқларга дунё спортчилари орзу билан боқмоқда. Мамлакатимизда спортга қаратилаётган эътибордан кўзланган мақсад ҳам асли шу.

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА