Мамлакатимизда спортчиларнинг саломатлигини асраш, уларни тақиқланган воситалардан ҳимоя қилиш, жисмоний тарбия ва спорт ҳаракатида ҳалол рақобатни кучайтириш устувор вазифалардан бири саналади.
Бу борада давлатимиз томонидан бир қатор меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Марказий Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб юртимизда Миллий антидопинг агентлиги ташкил этилди. Бутунжаҳон антидопинг агентлиги билан кенг қамровли манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Кейинги тўрт-беш йил оралиғида халқаро антидопинг дастурларида иштирок этиш, ушбу йўналишда мутахассисларни тайёрлаш бўйича юртимизда бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Маъмурий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга асосан қабул қилинган дастурларга биноан қисқа фурсатда агентликнинг янги структураси, штат жадвали тасдиқланди. Ходимларнинг лавозим йўриқномалари, вазифа ва функциялари ишлаб чиқилди. Бутунжаҳон антидопинг агентлиги(WADA), хорижий давлатларнинг миллий антидопинг ташкилотлари, спортчилардан олинадиган синамаларни текшириш ва таҳлил этиш лабораториялари билан ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги томонидан амалга оширилган ишларнинг олти ойлик сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.
Матбуот анжуманида айтилганидек, ўтган олти ойда мамлакатимиз миллий терма жамоалари аъзоларидан 244 та допинг синама олинди. Жорий йилда қон орқали допинг синамалар 5 тага етказилди ва Туркия махсус лабораториясига таҳлил учун юборилди. Йил бошидан шу кунга қадар 5 нафар спортчида тақиқланган модда борлиги аниқланди.
Агентлик директори А.Содиқов маълумотларига кўра, ўтган даврда Ўзбекистон ва Корея антидопинг агентликлари ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ Кореяда 7 нафар антидопинг мутахассислари малака оширди. 12 нафари допинг офицерларини тайёрлаш курсида ўқитилиб, улар халқаро сертификатга эга бўлди. Бу, Ўзбекистонда халқаро даражага эга бўлган мутахассислар сафи кенгаяётганидан далолат.
Шунингдек, Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг халқаро допинг офицер тайёрлаш курсида 3 нафар агентлик мутахассислари сабоқ олишига шароит яратилди. Австрия ва Туркия махсус лабораториялари билан допинг синамаларини ўтказиш бўйича шартномалар имзоланди. Швейцария, Жанубий Корея ва Россия каби қатор давлатларда ўтказилган илмий-амалий анжуманларда, онлайн конференциялар ва симпозиумларда юртимиз мутахассислари маърузалар билан иштирок этди.
WADAнинг AdeL дастури бўйича спортчилар мусобақаларда қатнашиш имконини берувчи дастур ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Ўтган давр мобайнида АДАМС тизимида 321 нафар юртимиз спортчилари рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг машғулоти, дам олиши, кундалик фаолияти мониторинг қилиб борилмоқда.
Савол-жавобларга бой кечган анжуманда спортчиларга АДАМС тизимидан фойдаланиш ва талаб қилинган маълумотларни киритиш бўйича амалий ёрдам қўрсатилаётгани, жойларда онлайн ва офлайн тренинглар ташкил қилинаётгани, тизимга маълумотларни киритмаган спортчилар билан қўшимча тушунтириш ишлари олиб борилаётгани қайд этилди. Бу саъй-ҳаракатлар, интилишларнинг таг замирида Ўзбекистон спортчиларининг жаҳон майдонларидаги обрў-эътиборини ошириш ётади. Зеро, допингдан ҳоли, ҳалол рақобатда тобланган спортчилар ҳар қандай мусобақада Ўзбекистоннинг юзи, виждони, адолати бўлиб, ўзлигини намоён этаверади.
Т.Рўзиев, ЎзА