Тошкентда бўлиб ўтаётган “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан “Investor Day” – “Янги Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти” халқаро конференцияси ташкил этилди.
Тадбирда “Ўзмиллийбанк” АЖ Буюк Британиянинг етакчи «Standard Chartered Bank» банки билан «Multilateral Investment Guarantee Agency» (MIGA) жаҳон экспорт-кредит агентлиги кафолати остида кредит линиясини жалб қилиш бўйича келишув имзолади.
Маълумот учун, MIGA экспорт – кредит агентлиги ва Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси. Институт ривожланаётган мамлакатлар учун жалб қилинган кредит линиялари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўйича турли мамлакатларнинг молия институтлари билан ҳамкорлик қилади. MIGA экспорт кредит агентлигининг асосий афзаллиги – маълум бир мамлакат таркибига бўлган талабнинг йўқлиги. Бу эса истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини мослашувчан тарзда тузиш имконини беради. Иккала томон ўртасида эришилган келишув ўз йўналиши бўйича эксклюзив бўлиб, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун узоқ муддатли кредит линияларини жалб қилиш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш имконини беради. “Standard Chartered Bank” кредит линияси кичик ва ўрта бизнеснинг муқобил энергетика, электротехника, тўқимачилик, транспорт, телекоммуникация ва бошқа соҳалардаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида янги иш ўринлари яратилиши, юқори қўшимча қийматга эга экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва импорт ўрнини босиш таъминланади.
“Standard Chartered Bank” Буюк Британиянинг энг йирик банкларидан бири бўлиб, 1969 йилда ташкил этилган. Банк активлари 820 миллиард доллардан ошади, капитал 50 миллиард доллар ва фойда 2,9 миллиард долларга тенг. Халқаро бозорда банк маҳсулотлари ва хизматларининг барча асосий турларини тақдим этади. “Investor Day” – “Янги Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти” халқаро конференцияси доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА