Шаҳрисабзда кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун Амир Темур хотирасига бағишланган VII халқаро турнир қизғин давом этмоқда. Ҳаяжонга бой беллашувлар, “Ҳисор” марказий стадионига йиғилган кураш мухлисларининг олқишию ҳайқириқлари ўзгача кайфият бағишлаган.
ЎзА мухбири юртимизга келган хорижлик кураш мутасаддилари ва спортчилар билан суҳбатлашди.
Шер Али Асадий, Афғонистон кураш федерацияси бош котиби:
– Ўзбекистон ва Афғонистон маданияти, миллий қадриятлари бир-бирига ўхшаш. Шу боис ўзбек миллий қадрияти – кураш ҳам Афғонистонда жуда севимли спорт тури сифатида тобора ривожланиб, оммалашиб бормоқда. Биз буюк Соҳибқирон Амир Темурни жуда яхши биламиз, қадрлаймиз. Гўзал ва бетакрор Шаҳрисабз шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун Амир Темур хотирасига бағишлаб ташкил этилган халқаро турнирда қатнашиш бахтига муяссар бўлганимиздан хурсандмиз.
Эмили Кроуфорд, спортчи (Буюк Британия):
– Ўзбекистоннинг гўзал табиати, бетакрор тарихий масканлари, шаҳару қишлоқлари, халқингизнинг самимияти ва меҳмондўстлиги менда катта таассурот қолдирди. Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида намойиш этилган халқингизнинг бой маданияти, миллий урф-одатлари ва қадриятларини томоша қилиш катта завқ бағишлади. Юртингизда кураш бўйича ташкил этилган мусобақа мен учун катта тажриба мактаби вазифасини ўташига ишончим комил.
Парикшит Кумар, спортчи (Ҳиндистон):
– Халқаро турнир юқори савияда ташкил этилганини таъкидлашни истардим. Хорижий спортчилар учун яратилган шароитлар, мухлисларнинг стадионни тўлдириб, қўллаб-қувватлаб тургани таҳсинга лойиқ. Мен кураш билан икки йилдан бери шуғулланаман. Кураш ўзининг фалсафаси ва мазмун-моҳияти жиҳатдан бошқа яккакураш турларидан фарқ қилади. Курашда ҳалоллик, бағрикенглик тамойилларига қатъий риоя қилинади. Ҳиндистонда ўтган Осиё чемпионатида совриндор бўлган эдим, Шаҳрисабздаги нуфузли халқаро турнирда ҳам совринли ўринни эгаллашни ният қиляпман.
Байрам Айтмуродов, ЎзА