Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг қирқ биринчи ялпи мажлиси давом этмоқда.

Куни кеча очилган ва бугун давом этаётган ялпи мажлисда сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Мажлиснинг биринчи иш кунида сенаторлар “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”,  “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”,  “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунларни муҳокама қилди. Мазкур қонунларнинг барчаси маъқулланди.

Бугун эса ялпи мажлисда  “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”,  “Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонунлар кўриб чиқилади.

Марказий банкининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади. Олий суд ҳамда Судьялар олий кенгаши таркибига бир қатор ўзгартиришлар киритилади.

Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар, билдирилган долзарб фикрлар билан сайтимизда таништириб борамиз. Бизни кузатиб боринг!

 

Н.Абдураимова, ЎзА