Олий Мажлис Сенатининг қирқинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда. Унда сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлиснинг иккинчи иш куни “Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли Конвенциясини (Женева, 1977 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
47 давлат томонидан ратификация қилинган мазкур Конвенция миллий қонунчилик ёки меъёрий ҳужжатлар орқали иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли касбий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва чеклашга қаратилган чора-тадбирларни белгилашни талаб қилади.
Бундан ташқари, мазкур халқаро ҳужжатда тизимли назорат чораларини, шу жумладан, иш жойларида меҳнат шароитларини, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини, меҳнат жараёнларининг оғирлиги ва тиғизлигини ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфини баҳолаш белгиланган.
Муҳокама жараёнида Конвенциянинг ратификация қилиниши ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини яратиш имконини бериши ва меҳнатни муҳофаза қилиш миллий тизимини янада такомиллаштиришга сезиларли туртки бериши қайд этилди.
Сенаторлар маъқуллаган қонун, ўз навбатида, мамлакатимизнинг ходимлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича асосий халқаро тамойил ва стандартларга содиқлигининг яна бир ифодасидир.
Н.Абдураимова,
ЎзА