АҚШ Президенти Жо Байден Хитой Раиси Си Цзиньпин билан бошқа давлатлар раҳбарларига нисбатан кўпроқ суҳбатлашган.

“Мен Хитой етакчиси билан сўнгги ўн йил ичида кўп марта учрашганман, улар жами 87 соатдан кўпроқ давом этган”, деди у Шимолий Ирландияга сафари доирасида Дандолкдаги учрашуви чоғида.

АҚШ раҳбари, шунингдек, Си Цзиньпин билан бирга ўн йил ичида Хитой бўйлаб 17 минг мил, яъни 27,3 минг километрдан ортиқ йўл босиб ўтганини айтган.

“The Washington Post” 2021 йилда ёзганидек, Байден Си Цзиньпин билан биргаликда Қўшма Штатлар вице-президенти бўлган даврида ҳам 17 минг милдан ортиқ масофани босиб ўтганини айтган эди.

Нашр Байденнинг ушбу баёноти бўрттирилганини аниқлади. Байденнинг Си Цзиньпин билан “саёҳат қилиши” ҳақидаги иборасида янглишлик бор, деди Оқ уй расмийси газетага суҳбати чоғида.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар етакчиси “бирга ўтказган учрашувлари учун АҚШ ва Хитой ичида ва халқаро миқёсдаги сафарларининг умумий сонини” назарда тутган.

 

ЎзА