Япония мудофаа армиясининг қуруқлик кучларига тегишли ҳарбий вертолёт Окинава префектураси сувликларида ғойиб бўлган, деб ёзмоқда Kyodo агентлиги.
Япония соҳил қўриқчилари ҳамда бошқа манбалар берган маълумотларга кўра, UH-60 вертолёти соат 16:40 ларда радар экранларидан ғойиб бўлган. Таъкидланишича, воқеа Окинава префектурасининг Мияко оролидаги аэропортдан 18 километр узоқликда юз берган.
Соҳил қўриқчилари воқеа жойига тўртта қидирув кемасини жўнатган. Хабарда таъкидланишича, ушбу ҳудудда об-ҳаво шароити яхши бўлган.
Вертолётда икки нафар учувчи, икки механик ва олти нафар экипаж аъзоси бўлган. Уларнинг барчаси мудофаа кучларида хизмат қилади, дейилмоқда хабарда.