Октябрь ойида Шимолий Атлантика альянсига янги раҳбар келади. Бош котиб Йенс Столтенберг февралда матбуот котиби орқали лавозими муддатини узайтирмаслигини маълум қилган. Айни шундай баёнотни Украина низоси авж ола бошлаган 2022 йил баҳорида унинг ўзи ҳам айтган эди.

Брюсселдаги қароргоҳда НАТОнинг ўн тўртинчи раҳбар ким бўлиши юзасидан баҳс авжида. Мазкур лавозимга аёл киши қўйилиши эҳтимоли юқорилиги тўғрисида анчадан бери гап юрибди. Шундан келиб чиқиб, альянсга аъзо давлатлар элчиларининг аксарияти ўз номзодларини норасмий равишда илгари суришмоқда.

Генсек НАТО предупредил о санкциях против России из-за Украины — РБК

Йенс Столтенберг 2014 йилдан бери НАТОга раҳбарлик қилиб келади. Унинг вориси ўттиз аъзо давлат ўртасида ҳамжиҳатликни, манфаат мувозанатини таъминлаши, келишув асосида қарор қабул қилишга “уста” бўлиши лозим. Ундан дипломатик маҳорат ва ташкилотга садоқат ҳам кутилади.

НАТО етакчиси ўтмишда давлат ёки ҳукуматни бошқарган бўлиши керак. Инглиз тилини билиш шарт, француз тилида сўзлаша олиш номзод имкониятни оширади. Вашингтон билан муносабат ҳам муҳим. Зеро, альянсда сўнгги сўзни, ёзилмаган қонунга кўра, албатта Қўшма Штатлар айтади, дейишади экспертлар.

Янги бош котиб ўттиз ҳукуматнинг келишуви билан тасдиқланади. Бунда минтақавий манфаат, номзод мамлакатининг ҳарбий ва дипломатик салоҳияти эътиборга олинади. Туркия вакили ҳозир бу лавозимга талабгорлик қилолмайди. Сабаби маълум: Швеция ва Анқара бир-бирини қўлламайди ва ҳакозо…

Номзод ариза ёзиб мансабга ўтиролмайди, танлов қўмитаси йўқ. Овоз бериш усули ҳам қўлланмайди. Дипломатлар ўз ҳукумати номидан ёпиқ учрашув чоғида номзодини “кўкка кўтаришади”. Янги бош котиб номи давлат ва ҳукумат етакчилари саммитида эълон қилинади. Навбатдаги юқори даражадаги йиғилиш 11 июль куни Вильнюсда ўтиши режаланган.

Шимолий Атлантика альянснинг аввалги 13 раҳбари доим ҳам юқорида келтирилган талаблар асосида танланмаган. Масалан, НАТОнинг 1988-1994 йиллардаги раҳбари Манфред Вёрнер ҳеч қачон ҳукуматни бошқармаган, бор-йўғи мудофаа вазири бўлган, холос.

Биринчи раҳбар, генерал рутбали британиялик барон Гастингс Исмей собиқ Ҳамдўстлик ишлари бўйича вазир эди…

Бугунги даъвогарлар орасида Эстония ҳамда Литванинг амалдаги Бош вазирлари Каи Каллас ва Ингриде Шимоните бор. Европанинг шарқий мамлакатларидан кўрсатиладиган номзодларга Польша қарши чиқиши аниқлиги учун улар ортиқча уринмайдилар, дейишади экспертлар.

Шунга қарамай, Украина билан қўшни Словакия Президенти Зузана Чапутова номзоди ҳақида гап-сўзлар чиқиб турибди.

Қора денгиз бўйида жойлашган Руминия НАТО учун муҳим давлат. Шу маънода мазкур мамлакат раҳбари Клаус Йоханниснинг номзоди кўрилаётгани табиий ҳол.

Италия ва Бирлашган Қироллик собиқ ҳукумати раҳбарлари Марио Драги ва Тереза Мэй номлари ҳам қайд этилмоқда, дейди таҳлилчилар. Канада молия вазири Христи Фриланднинг омади чопиб қолиши-да ҳеч гап эмас. У украиналик муҳожирлар невараси, рус оммавий ахборот воситалари бу ҳақда анча жар солди. Натижада Оттава вазир обрўсини туширишга ҳаракат қилгани учун Москванинг бир неча дипломатини мамлакатдан чиқариб юборди…

Узун қулоқ гапларга кўра, амалдаги бош котиб лавозимини сақлаб қолиши ҳам мумкин. “Кечувда отлар алмаштирилмайди” – ҳозирги халқаро мураккаб ҳарбий-сиёсий вазиятда кадрлар масаласи кўнгилга сиғармиди?” дегувчилар ҳам йўқ эмас.

Кейинги йил апрель ойида НАТО тузилганига 75 йил тўлади, маросим Вашингтонда бўлиб ўтади. Столтенбергнинг ташкилот ва айрим давлатлар олдида эса хизмати катта…

Юқоридаги фикрлар эксперт ва таҳлилчилар фарази, холос. Ёзгача яна нима гап-у, нима сўз. Ҳаёт “сюрприз”лардан – кутилмаган воқеа-ҳодисалардан иборат…

 

Ҳукумат сўзидан қайтади…ми?

В Израиле отложили судебную реформу из-за протестов и всеобщей забастовки |  Новости Таджикистана ASIA-Plus

Тель-Авив ва Қуддуснинг асосий кўчаларини тўлдирган оммавий норозилик намойишлари ҳалигача давом этмоқда. Исроил давлат бўлибди-ки, бунақасини кўрмаган. Бир неча ойдан буён мамлакатнинг суд-ҳуқуқ ислоҳотига қарши муносабат билдириш тинмаяпти.

Ҳукумат раҳбари кутилмаганда ислоҳотга очиқ қарши чиққани учун мудофаа вазири, “Ликуд”дан партиядоши Йоав Галантни лавозимидан олиши инқирозни авж олдирди.

Ўтган якшанба куни ярим миллион аҳолиси бор Тель-Авив кўчалари одамлар билан тўлди, касаба уюшмалари умумий иш ташлаш эълон қилди, мамлакат бош аэропорти Бен-Гурион бир муддат ишламади. Хайфа порти тўхтади, университетлар ёпилди, ҳатто, шифокорлар хасталарни, Ички ишлар вазирлиги шикоятчиларни қабул қилмади…

Нетаньяху 1948 йилдан бери суд тизимида мисли кўрилмаган ўзгаришларни таклиф қиляпти. Кўплаб сиёсатчилар ҳам лойиҳани қайтариш зарурлигини айтмоқда.

Экспертлар изоҳича, ислоҳот бир қарашда Исроил Олий судини янада кучлироқ ва гўёки, адолатлироқ қилишга қаратилган. Судьяларни, Исроил парламент республикаси бўлишига қарамай, аъзолари танлаб олинадиган комиссия тақдимотига биноан, Президент тайинлайди. Комиссия таркибида Олий суднинг уч аъзоси, икки вазир, Кнессетнинг икки депутати ва икки адвокат вакили бор.

Норозиликнинг муҳим жиҳати, тўғри овоз олиш билан сайланган парламентнинг Олий судга таъсири йўқ. Бош вазир атай парламентнинг қонун ижодкорлигидаги ролини ўзгартириш таклифини илгари сурмоқда.

Ҳозир Олий суд Кнессетнинг исталган қонун лойиҳасига вето қўйиш ҳуқуқига эга. Янги қонунда депутатларнинг учдан икки қисми шундай қарорни бекор қилиши мумкин. Мақсад – судьялар халқ иродаси билан сайланган депутатлар ишига аралашмасин.

Рақобатчилар эса парламентда аксарият овозга эга ҳукумат раиси истаган қонунини ўтказиши мумкинлиги, бу – аниқ диктатура кўриниши, дейишяпти. Кўринади-ки, ҳукмрон партия мамлакат суд тизими устидан жидддий назоратни ўз қўлига олмоқчи.

Шунингдек, лойиҳада судьяларни танлайдиган комиссия таркибини ҳам ўзгартириш, яъни ҳукумат аъзолари сонини кўпайтириш режаси ифодаланган.

Яна бир янгилик: суд ислоҳоти пакетида амалдаги бош вазирнинг лавозимга нолойиқлигини эълон қилиш оғирлаштирмоқда. Қонун лойиҳасида ҳукумат раиси жисмоний ёки ақлий иш қобилиятини йўқотган тақдирдагина ишдан кетиши мумкин, деб битилмоқда.

Мухолифат мазкур қонунни Нетаньяху ўзи учун ёзган, чунки фирибгарлик, порахўрлик ва ишончни йўқотиш билан боғлиқ ишларни судда кўриш анча пайтдан бери чўзилиб келмоқда, деяпти. Қонун қабул қилинса, суд текширувида бош вазирни лавозимга нолойиқ, деб топиш мушкуллашади.

Таҳлилчилар айтишича, суд ислоҳоти қонун лойиҳасида ҳукумат раисига ён босадиган ҳолатлар ниҳоятда кўп.

Ислоҳотга қарши чиқаётганлар фаластинликлар ҳам бундан зарар кўриши тўғрисида гапирадилар. Илгари суд қарори билан шарқий Қуддусдан фаластинликларни мажбурлаб кўчириш тўхтатилгани тўғрисида далиллар бор…

Мамлакат тадбиркорлари ва молиячилари ҳайрон-у лол. Ҳатто, куч ишлатар тизимлар бўлиниб кетиши эҳтимоли юзага келмоқда.

Полиция оммавий намойиш пайтида, деярли, халққа қаршилик кўрсатмади, Нетаньяхунинг уйига бостириб кириш хавфи юзага келгандагина, одамлар кучли сув босими билан тарқатиб юборилди.

Таҳлилчилар ислоҳот “ухлайди”, деб фараз қилмоқда.

Ўз кучига мислсиз ишонган бош вазирнинг янги ҳукуматдаги обрў-эътиборига эса, тузук-қуруқ иш бошламасидан, путур етди…

ЕИ-ХХР: буёғи нима бўлади…

Китай и Европейский Союз (ЕС) находятся на грани обувных конфликтов.

Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис ХХР етакчисининг Москвага сафарини шарҳлаб, “агар Си Цзиньпин душманимиз билан дўстлашар экан, биз Хитой масаласини қайта кўриб чиқишимиз керак”, деди.

Бунинг устига Халқаро жиноят суди Кремль раҳбарини ҳарбий жиноятлар шубҳаси билан қўлга олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Ландсбергис қўшимча қилиб, “зудлик билан Хитойдан узоқлашиш учун ҳаракат бошланмоғи керак”, деди қатъий.

Брюсселда эса бундай жиддий чора кўриш фикри йўқ. Экспертлар маълумотига кўра, Си ва Путин охирги йиллари 40 мартадан зиёд кўришган. Демак, Москва учрашуви икки етакчи дўстлиги намойиши – кутилган воқеа.

Бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар Россиянинг “бўшашиб” қолганидан ХХР фойдаланиб қолмоқчи, деб ўйлаяптилар.

Хитой Украина зиддиятини қоралаб чиқмаган кам сонли мамлакатлардан. Пекин, шунингдек, Москва устидан ҳозирланган БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини қўлламади. Россиядан нефть ва газ сотиб олишни бемалол давом эттирмоқда.

Сининг Россия билан абадий дўстлик ваъдаси туфайли Хитой ва ЕИ муносабати, гўёки, аввал яхши бўлган-у, энди ёмонлашган эмиш.

Ўтган ҳафта НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Пекиннинг Москвага халокатли қурол етказиб беришга интилаётгани тўғрисида Шимолий Атлантика альянсида маълумот йўқ, деб баёнот берди.

Шарҳловчилар Хитой Россия ҳарбий амалларини билвосита қўлламоқда, деб билишади. Иқтисодий ҳамкорлик ўз йўлига. “Тўғри маънода, қурол бўлмаса ҳам юк машиналари эҳтиёт қисмлари, кийим-кечак ва бошқа товарлар етказиб берилмоқда-ки, бундан ҳарбийлар фойдаланаётгани маълум”…

Агар Россияга йирик ҳарбий ускуна, техника етказиб бераётгани исботласа, Ғарб ва Европа Хитойни “соғ” қўймайди, дейишади айрим экспертлар.

Коронавирус пандемияси баҳонасида, аслида эса, Тайвань ва Шинжон воқеалари билан боғлиқ вазиятдан кейин Пекиннинг Ғарб билан дипломатик алоқаси бузилган эди. Энди-энди муносабат барқарорлашмоқда, аммо ҳали-ҳунуз кескинлик мавжуд.

Океан орти мамлакати маъмурияти ЕИ аъзоларини Пекинга қарши бормасликка ундайди. Вашингтоннинг бундай огоҳлантириши кўп ҳам манзилига етиб бормаяпти.

Масалан, Нидерландия илғор микрочип технологиясини ХХРга сотишни тақиқлади, Германия “Huawei” ва “ZTE” ишлаб чиқарган муҳим компонентларнинг хавфсизлик аудитини эълон қилди.

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен январда Давосдаги халқаро иқтисодий форумда ЕИ “хавфни бартараф қилишни хоҳлайди, лекин Хитойдан “ажралмасдан”, дея, Пекин ҳали кераклигига урғу берган.

Экспертлар таъкидича, Хитойнинг ЕИдаги янги элчиси Фу Цун иш бошлаши билан муносабатга “илиқ ҳаво киргандек” бўлди. ЕИнинг Хитойга ва ХХРнинг ЕИга киритган санкцияларини олиб ташлаш устида иш бошлаб юборилди.

Кўриниб турганидек, ЕИда Хитой билан алоқани қайта кўриб чиқиш нияти йўқ. Аъзо давлатларнинг айни масалага қараши ҳар хил: айримлар Пекин билан савдо алоқасини ривожлантириш керак, деса, бошқалар Вашингтон сиёсатига қараш зарурлигини айтишади.

Экспертлар фикрича, Хитойнинг ўзи бир-бирига мос келмайдиган – Россия ва Европа билан алоқада мувозанатни сақлаб қолмоқчи…

Бугунгача шу.

Келаси жумада учрашгунча!

Аброр Ғуломов, ЎзА сиёсий шарҳловчиси