Пайшанба куни АҚШнинг Катта ҳакамлар ҳайъати судьялари собиқ президент Дональд Трампга айблов эълон қилишни маъқуллаб овоз берди, дейилади CNN телеканали берган хабарда.
Хабарда “Нью-Йоркнинг Катта ҳакамлар ҳайъати Трампга айблов эълон қилишни маъқуллаб овоз берди”, – дейилади.
New York Times газетасининг ёзишича, Манхэттен прокурори яқин кунларда собиқ президентдан айблов эълон қилиниши учун судга келишини талаб қилади.
Маълумки, анча кунлардан буён Манхэттен судида Трампга қарши иш кўриб чиқилмоқда. У актриса Сторми Дэниэлс билан ишқий муносабатлари бўйича тергов бермоқда. Айрим манбаларда айтилишича, гўё Трамп актрисага жим юриш шарти билан катта миқдорда пул берган эмиш.
Собиқ президентнинг ўзи эса Дэниэлс билан алоқаси йўқлигини ва умуман ўзи томонидан ҳеч қандай қонунга қарши ҳаракатлар қилинмаганини уқтириб келмоқда.
Трампнинг таъкидлашича, таъқиблар сиёсий мақсадларда амалга оширилмоқда ва бу унинг 2024 йилда бўлиб ўтадиган президент сайловида номзодини кўрсатиш режаси билан боғлиқ.
Хабарларга кўра, Манхэттен прокуратураси АҚШнинг собиқ президентига 30 дан ортиқ эпизод бўйича айблов қўймоқда. Айбловлар орасида унинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ фирибгарликлари ҳам бор, дейилади CNN телеканали берган хабарда.
Аввалроқ Манхэттен прокуратураси Трамп адвокатлари жамоаси билан боғланиб сиёсатчига айблов эълон қилинишини айтиб, судда иштирок этиши кераклигини маълум қилган. Собиқ президентнинг адвокати Сьюзен Нечелес унинг судга келишини тасдиқлаган.
Трамп мамлакатнинг суд тизимига баҳо берар экан, “АҚШ учинчи даражали мамлат” эканини айтиб, Нью-Йорк судида иш ҳаққоний кўрилишига ишонмаслигини таъкидлаган.
АҚШ конгресси вакиллар палатасининг спикери республикачилардан бўлган Кевин Маккарти Манхэттен прокурори Элвин Брэггини ҳокимиятини суистеъмол қилаётганликда айблаган. Республикачилар 2024 йилда бўладиган президент сайловида кўрсатадиган номзодлар борасида Трампга асосий рақиб бўлиши кутилаётган Флорида штати губернатори Рон Десантис эса суд иши шубҳали кечаётганини таъкидлаб, унинг штати Трампни экстрадация қилинишига ёрдам бермаслигини билдирган.
CNN телеканали Дональд Трамп пайшанба куни унга нисбатан айблов эълон қилинишини кутмаганини таъкидламоқда.
Манбада келтирилишича, Трамп ОАВ хабарларига таянган ҳолда, унга нисбатан айбловлар камида бир неча ҳафтадан кейин эълон қилиниши мумкин, деб ўйлаган экан.
“У бугун ушбу хабардан саросимага тушдими? Шубҳасиз”, – деган Трамп билан шахсан учрашган манба.
Яна бошқа манбаларда келтирилишича, Трампга қарши овоз беришга гувоҳларнинг кўрсатмалари таъсир кўрсатган.
Овоз бериш гувоҳнинг 30 дақиқа давомида берган кўрсатмасига асосланган. Ҳозирча гувоҳнинг шахси ошкор қилинмаяпти. Чунки Катта ҳакамлар ҳайъати мажлиси махфий ҳисобланади.
Айблов расман эълон қилиниши учун Трампнинг ўзи судда ҳозир бўлиши талаб этилади.
Дональд Трамнинг сиёсий вазни Америкада ҳали ҳам салмоқли ҳисобланади. Қолаверса, у катта тадбиркор ва миллиардер. Шу боис ҳам собиқ президентга айблов эълон қилиниши турли сиёсий доираларда турлича талқин қилинмоқда. Масалан, собий вице-президент Майк Пенс Америка халқи учун АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга қарши айблов эълон қилиниши мамлакатда сиёсат криминаллашганининг яна бир исботи бўлади, деб баёнот берди.
“Ўйлашимча, америкаликлар мамлакатимизда сиёсатнинг криминаллашганига яна бир бор гувоҳ бўлади”, – деган у CNN телеканали эфирида чиқиш қилиб.
Бундан ташқари, Пенснинг фикрича, Трампга қўйилган айбловлар мисли кўрилмаган ва кишининг ғазабини келтирадиган даражада иш бўлиб, миллионлаб америкаликлар бу ишни “сиёсий таъқибдан бошқа нарса” эмас, деб билишади.
Маълумки, 2024 йилда АҚШда навбатдаги президент сайлови бўлиб ўтади. Унда амалдаги Президент Жо Байден ҳам ўз номзодини кўрсатиши ҳақида гап-сўзлар юрибди. Аввалги сайловда Жо Байден собиқ президент Дональд Трампдан президентлик лавозимини деярли тортиб олган эди. Шу боис азалдан бир-бирига ашаддий рақобатчи бўлиб келаётган бу икки сиёсатчининг бу галги қарама-қаршилигига нафақат америкаликлар, балки жаҳон сиёсатчилари ҳам катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда.
(Материал интернет хабарлари асосида тайёрланди)
С.Раҳимов, ЎзА