Бугун Қозоғистон Мажилиси (парламенти)нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг ишида давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев иштирок этди.
Сессияда ҳукмрон “Аманат” партиясининг таклифи билан Алихан Смаилов Бош вазир этиб сайланди. Овоз беришда қатнашган 97 депутатдан 82 нафари унинг номзодини ёқлаб овоз берди, 7 депутат унга “қарши” чиқди ва 8 депутат бетараф қолди.
Давлат етакчиси матбуот хизматининг хабарига кўра, шу куннинг ўзида Президент Тоқаев Смаиловни Қозоғистон Бош вазири этиб тайинлаш тўғрисида фармонни имзолади. Смаилов республика ҳукуматини 2022 йил январь ойидан бери бошқариб келади.
50 ёшли Смаилов 2020 йилнинг май ойида бош вазирнинг биринчи ўринбосари, 2019 йилда бош вазирнинг биринчи ўринбосари – молия вазири ҳамда ундан аввалги турли йилларда молия вазири, Қозоғистон Президенти ёрдамчиси лавозимларида ишлаган.
ЎзA