Хитой иқтисодиёти йил бошидан буён жадал суръатда тикланмоқда, деб баёнот берди ХХР Давлат кенгаши раҳбари Ли Цян пайшанба куни Хайнан оролида очилган Боао Осиё иқтисодий форумида сўзга чиқиб.
“Жорий йилнинг дастлабки икки йилида Хитой иқтисодиёти тикланишнинг ижобий суръатини намойиш қилди. Март ойида эса вазият январь билан февралга қараганда ҳам янада яхшироқ бўлди”, – деди Ли Цян.
Хитой Давлат кенгаши раҳбарининг таъкидлашича, асосий иқтисодий кўрсаткичлар, жумладан, истеъмол ва инвестиция, бандлик ва нархлар барқарор бўлиб турди, бозор янада яхшиланди.
Ли Цяннинг айтишича, Хитой юксалишга интилмоқда. Бунда устуворлик барқарор тараққиётга, ички талабларни кенгайтириш стратегияси билан тузилмавий ислоҳотларни мувофиқлаштириб боришга қаратилади.
Бундан аввал Ли Цян Хитой жорий йилда белгиланган ЯИМнинг 5 фоизлик ўсишига эришиш осон бўлмаслигини таъкидлаган эди. Янги таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда ҳукумат саъй-ҳаракатларни янада ошириш талаб қилинади, деганди у.
2023 йилги режага кўра, Хитой ҳукумати 2023 йилда мамлакат ЯИМи ўсиши тахминан 5 фоиз бўлишини прогноз қилганди. 2022 йилда Хитой ЯИМи мамлакатда коронавирус инфекцияси кучайиши ва халқаро аҳвол барқарор бўлмагани боис 2021 йилга нисбатан атиги 3 фоизга ўсганди.