Миср бош вазири Мустафо Мадбули вазирликларни Қоҳиранинг шарқий қисмида 50 километр узоқликда бунёд этилган пойтахтнинг янги маъмурий марказига кўчириш жараёнини якунлашга чақирди. Бу ҳақда чоршанба куни ҳукумат матбуот хизмати маълум қилгани айтилмоқда.

“Мадбули қатор вазирликлар янги шаҳардаги ҳукумат даҳасида жойлашган биноларига кўчиб ўтиб, аллақачон ўз фаолиятини бошлаб юборган. Энди бошқа вазирликлар ҳам янги маъмурий марказга кўчиб ўтиш жараёнини ниҳоясига етказиши керак”, – дейди Nile TV ҳукумат матбуот хизмати тарқатган баёнотни келтирар экан.

Мисрнинг янги маъмурий пойтахти ҳудуди 700 квадрат километрдан иборат бўлиб, унинг қурилиши 2015 йилда бошланган эди. Мазкур лойиҳанинг қиймати 45 миллиард долларга баҳоланмоқда. Шаҳарчада доимий равишда 6,5 миллион киши яшаши мумкин. У ерга ҳукумат ва парламент билан бирга 50 мингдан зиёд ходимлар ва давлат сектори ишчилари ҳамда хорижий элчихоналар ҳам кўчиб ўтиши керак.