Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) бошқарувчи директори Кристалина Георгиеванинг баёнотига кўра, 2023 йил жаҳон иқтисодиёти учун қийин бўлиши башорат қилинмоқда. “Жаҳон глобал иқтисодиёти маълум вақтдан бери нотинч муҳитда фаолият кўрсатиб, кетма-кет зарбаларни бошидан кечирмоқда. Биз 2023 йилни яна бир оғир йил бўлишини кутмоқдамиз”, деди у Хитойда ўтаётган Осиё Боаос форумидаги нутқида.
Георгиеванинг таъкидлашича, Украинадаги можаро оқибатлари ва жаҳонда пул-кредит сиёсатининг кескинлашуви ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатларига таъсир қилишда давом этмоқда, жорий йилда унинг уч фоиздан кам даражада бўлиши башорат қилинмоқда. Хитойнинг Хайнань оролида норасмий “Шарқий Давос”, деб аталадиган Осиё иқтисодий анжумани давом этмоқда.
Форум 2001 йилда ташкил этилган. Унинг вазифалари – Осиё давлатлари ўртасида мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни ривожлантириш, дунёнинг бошқа минтақалари билан мулоқот ва иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш, расмийлар, тадбиркорлар, мутахассислар ва олимлар ўртасида иқтисодий, ижтимоий ва бошқа масалалар бўйича мулоқот ўрнатиш учун платформа яратишдан иборат.
ЎзА