АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп, агар, президентликка қайтса, Оқ уйга киргунга қадар Украина низосини бартараф этишга ваъда берди.
У аввалроқ давлат раҳбарлигига қайта сайланса, “ўша куни кечаси” Путин ва Зеленскийни учрашувга чақиришини айтганди.
“Агар мен (сайловда) ғалаба қозонсам, лавозимга киришишимдан олдин бу зиддиятни ҳал қиламан, юз фоиз аминман”, деди Трамп “Fox News” телеканалига берган интервьюсида. Унинг фикрича, айни масалани фақат президентликдаги одам ҳал қилиши мумкин.
Март ойи бошида собиқ етакчи Колумбия округидаги консерваторлар йиллик қурултойида лавозимга қайтса, мазкур маммони ҳал қилиш “қийин кечмаслиги»ни билдирган. Унинг баёнотини шарҳлар экан, Россия Федерацияси Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Трамп назарий жиҳатдан ҳақиқатдан узоқ эмаслигини, “бу бир-икки кунда содир бўлиши мумкин эмас-у, аммо Оқ уйнинг Киевга кўрсатма бериши кифоя қилиши”ни таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп 2024 йил яна президентликка номзодини қўймоқчи.
ЎзА