Жумадан жумагача
Хитой етакчиси Си Цзиньпиннинг Россияга ташрифи, Президент Владимир Путин билан узундан-узун суҳбати хусусида сиёсатчилар ҳали анча вақт баҳс юритишади. Биринчи кун тўрт соатдан ошиқ яккама-якка, ёпиқ эшиклар ортида, эртасига яна олти ярим соатлик музокара…
Роса ўн йил олдин ҳам жаноб Си Хитой раҳбари этиб сайлангач, илк ташрифини Россияга амалга оширган. Шу даврда қанча сув оқди: Қрим аннекцияси, Украина низоси, Халқаро жиноий суд ҳукми…
Уч кунлик Москва сафари давомида икки давлат раҳбари бир-бирига илтифот билан “ҳурматли дўстим”, дея мурожаат қилганига бир неча бор гувоҳ бўлинди.
Матбуотдан улар минтақа ва халқаро миқёсдаги қатор масалаларни муҳокама қилишгани, Хитой ва Россия ўртасидаги “стратегик ҳамкорлик”нинг муҳимлигини таъкидлашганини билиб олдик. Етакчилар, шунингдек, Украина зиддияти бўйича ХХР “тинчлик режаси” тўғрисида фикр алмашган.
Ўзаро муносабатни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилган. Си ва Путин “ташқи кучларнинг мамлакатлар ички ишига аралашуви чоғида биргаликда қаршилик кўрсатиш” муҳимлигини қайд этишди.
Экспертлар мазкур жуфтлик “чексиз ҳамкорлик”ни чуқурлаштиришга эришганини таъкидлашди. Пекин учун ички ва халқаро стратегик манфаат ҳимояси йўлида Москва билан дўстлик зарур, деб баҳолашди.
“Синьхуа” ХХР савдо, инвестиция, логистика, энергетика ва инновация соҳаларида Россия билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини ёзди.
Бу галги ташриф икки давлат ривожланиш суръатига муқаррар ижобий ўзгариш киритди, деб ҳисоблаяпти таҳлилчилар. Москва иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан Пекинга тобора кўпроқ эҳтиёж сезмоқда. Хитой ҳам қўшни давлатга кўмак беришга қарши эмас.
Хитойлик таҳлилчилар фикрича, ХХР тинчликпарвар имижини сақлаб қолмоқчи, аммо Россия тарафини олаётгани ҳам аён. Пекин Москвани ўзидан узоқлаштиришни истамайди ва муайян муддатгача қўллашга тайёр.
Музокара чоғида Путин Пекин режасини тинчлик йўлида асос қилиб олиш мумкин, деди. Бу Москва тинчлик музокарасига розилигини англатади.
Аксарият экспертлар зиддият Россия қўшинлари Украинадан чиқиб кетгунча давом этади, деган фикрда. Рус ва Чин ташвиқотчилари АҚШ ва иттифоқчиларни “олов пурковчи”, Хитойни эса “барча имконини ишга солаётган инсонпарвар воситачи” сифатида таърифлашади.
Бошқа тоифа таҳлилчилар Хитойнинг Россияга ён бериши билан халқаро даражадаги обрўси тушиб кетишидан хавотирланишади. Воситачилик ролини жаҳон ҳамжамияти қабул қилса-да, АҚШ ва иттифоқчилар бундан норози.
Давлат котиби Энтони Блинкен мазкур учрашувни шарҳлаб, Пекинни Украина зиддияти туфайли Москва жавобгарликка тортилишини истамаганликда айблаб чиқди.
Хитой икки ҳафта аввал Эрон ва Саудия Арабистонини яраштириб қўйгани ҳам эсланди. Россия билан алоқани мустаҳкамлаб, АҚШдан мустақил равишда ўзининг дунёда йирик сиёсий ўйинчи имижини шакллантираётгани қайд этилди.
Тинчликпарварлик роли ҳақида гап кетганда, Пекиннинг Украина инқирозини тўхтатишга интилмаётгани таъкидланади. Хитойнинг мақсади ҳозирги Россия режимини сақлаб қолиш, дейди айрим экспертлар.
Путин кетиб, ўрнига ғарбпараст бир етакчи келиши Хитойнинг бор режасини чиппакка чиқариши мумкин. Қолаверса, Пекин ҳозирги зиддият бундан-да кучайишини истамайди.
Пекин можаро давом этаётганига хотиржам боқишга мажбур, дейди экспертлар. Россиянинг нигоҳи эса доим Хитойда бўлмоғи керак…
Фаразимизча, яқин кунларда Жо Байден билан бўладиган телефон мулоқотида мулоҳазали саволларга аниқ жавоб олинади…
Францияда пенсия ислоҳоти…
21 март куни Францияда Констуциявий судга тасдиқлаш учун юборилган пенсия ислоҳоти лойиҳаси сиёсий инқирозни яна кучайтирди. Йил бошидан давом этаётган норозилик, иш ташлашга яширин манифестация қўшилди. Президент Макроннинг рейтинги кескин тушиб кетди. Бу ислоҳот лойиҳаси ЕИ томонидан тиқиштирилган, деган иддао ҳам янграмоқда.
2017 йил дастлабки сайлов олди кампаниясида Макрон пенсия ёшини кўтармасликка ваъда берган. Икки йил ўтиб, шу мазмундаги биринчи лойиҳа эълон қилинган…
2018 йил охирида “яшил камзуллилар” ҳаракати бошланди. COVID-19 юзага келиши ислоҳотни бироз ортга сурди.
Пенсия тизимини ўзгартириш ҳаракати жорий йил январь ойида қайта тикланди. Парламент қуйи палатаси – Миллий ассамблея ва Сенатда муҳокама авжига чиқди. Бирор натижа чиқмагач, Бош вазир Элизабет Борн 15 мартда Конституцияга таяниб, парламентни четлаб ҳукумат қарори билан пенсия ислоҳотини тасдиқлади.
Бир томондан ноқонуний ишга қўл урилмади, Бош қомусга мувофиқ иш кўрилди. Икки палата бундан норози. Касаба уюшмалари 2.5-3.5 миллион кишини кўчага олиб чиқди.
17-20 март кунлари полиция билан тўқнашув натижасида беш юздан зиёд одам қўлга олинди. Аввалига ҳокимият ва жамият мулоқотига розилик берган Макрон, кейинчалик қароридан қайтди, касаба уюшмалари раҳбарлари билан учрашишдан воз кечди.
Бешинчи республиканинг “охир-оқибат халқ ислоҳотга кўнади”, деган хом чўти тўғри чиқмади. Президент давлатни авторитар тарзда бошқаришга қарши чиққани хотирланди. Ярми мухолифатдан иборат парламент бир йилда уч марта ҳукуматга ишончсизлик билдиришга уринди.
Биринчисида Миллий ассамблеядаги сўлчилар бирлашган “NUPES”, иккинчисида “Миллий бирлашув” фракцияси ташаббус кўрсатди. Сўнггисини парламентдаги кичик “LIOT” гуруҳи таклиф этди. Бу жамоага Президентга содиқ “Республикачилар” партияси айрим депутатлари ҳам қўшилди. 20 мартда ишончсизлик эълон қилиш учун атиги тўққиз овоз етмади.
Собиқ Президентлар Франсуа Миттеран, Николя Саркози, Франсуа Олландга иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчи бўлган, Макрон билан хизматини давом эттираётган иқтисодчи Жак Аттали ҳам тўлиб-тошди – ҳукуматга қарши чиқди.
Норозилик ва инқироз сабаби тахмин қилинади. Пенсия ёши 62 дан 64 га чиқяпти. 25 фоиз французларнинг ўртача умри 62 ёш. Меҳнаткашларнинг атиги 50 фоизи 61 ёшга тўлганда иш қобилиятини сақлаб қолади.
Борн лойиҳани тузук-қуруқ асослаб беролмади.
Мамлакатда энергетика соҳасидаги ва иқтисодий инқироз етмагандек, Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам бериш кўлами ошиб бормоқда. Бунинг устига украиналик қочоқларни боқиш…
Парламентнинг ҳукуматга, умуман, демократик тизимга ишончи буткул йўқолди. Парламентаризмнинг кўп асрлик анъанасига содиқ қолиб, французлар овоз бериш жараёнига масъулият билан ёндашадилар. Пенсия ислоҳотида бу тамойил бузилди.
Айрим таҳлилчилар Франциянинг ташқи сиёсий қарашида қарама-қаршилик борлигини айтишди. Масалан, Париж кўчаларида ўз фуқароларини бостиришга ҳаракат қилар экан, Грузия ҳукуматининг бу амалини қўллаб-қувватлади…
Пенсия ислоҳоти “душманлари” тасдиқлаш учун юборилган мазкур ҳужжат Франция Асосий қонунига мувофиқ келмаслиги исботланади, деб умид билдирмоқда.
Мухолифат ислоҳот лойиҳасини умумхалқ референдумига чиқаришни таклиф қилмоқда.
Касаба уюшмалари эса норозилик намойиши ўтказишни давом эттириш ниятида…
Эроннинг ядро музокаралари…
Эроннинг “Mehr News Agency” агентлиги ўз манбаларига таяниб, ўтган ҳафта ЭИР ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багерий Каний Ослода Буюк Британия, Франция ва Германия ТИВ вакиллари билан учрашгани ҳақидаги хабарни тарқатди. Экспертлар ЕИ ташқи сиёсат хизмати раҳбари ўринбосари Энрике Мора ҳам қатнашган музокарада АҚШнинг ЭИР бўйича махсус вакили Роберт Мэлли иштирок этмаганига эътибор қаратишди.
Эрон матбуоти мулоқот “оғир” кечганини ёзди. “The Wall Street Journal” европалик дипломатларга таяниб, ядро дастури бўйича Кенг қамровли ҳаракат режасини сақлаб қолиш мумкинлигига ишора қилди.
Одатда ЕИга кирмаган Норвегияда бундай музокаралар ўтказилмайди.
Матбуот хабарларида бундан бир неча ҳафта олдин ҳам Ослода шунга ўхшаш учрашув ташкил этилгани учрайди. Вашингтон билан келишилмаган, Хитой ва Россия четлаб ўтилган тадбирда европаликлар Эрон томонига ўзлари тайёрлаган битим лойиҳасини таклиф қилган, дея тахмин қилинади.
Теҳрон айрим араб давлатлари воситачилигида АҚШ билан яширин музокара олиб бораётгани тўғрисида хабарлар бор. Демак, ЭИР ҳам Америка ҳам Европа вакиллари билан кўришяпти.
Аввалдан маълумки, Эрон Россия билан ҳам, Хитой билан ҳам айни мавзуни анча вақтдан бери муҳокама қилиб келади. Албатта, Теҳрон ўзига маъқул ишни қилади. Бу шов-шув кўтаришга арзимайди, аммо экспертлар кучли “сирли кураш” юзага келганини урғулашяпти.
Мутахассислар назарида 2003 йилдаги форматга қайтилган, яъни мазкур давлатлар ЭИР ядро дастури бўйича мулоқотни бошлаган. Икки йилдан кейин АҚШ, Россия ва Хитой қўшилиши ҳисобига музокарачилар сафи олтитага кенгайган.
Таҳлилчилар таъкидлашича, океан орти давлатининг турли найранглари натижасида бу форматдаги музокара тўхтайди. Мулоқотни қайта тиклашга уриниш самарасиз якунланаверади.
Ғарблик сиёсатчиларнинг Эрон ўз ўйинини давом эттириб, энди Европа давлатлари билан учрашишни бошлаб юборди, дея чиқарган хулосасини ЭИР ТИВ вакили Носир Қаноний рад этиб чиқди. Унинг баёнотига кўра, Теҳрон учун “олтилик” билан музокара олиб бориш маъқул.
Эрон Саудия Арабистони билан дипломатик муносабатни тиклагандан кейин араб дунёси билан алоқани қайта кўриб чиқмоқчи. Шу муносабат билан йил охирига қадар Форс кўрфазига кирувчи араб давлатлари билан саммит ўтказиш режаланмоқда. Бу ҳам балки ядро муаммосини ҳал этишга йўл очар…
Рус экспертлари “Лавров режаси” номли таклиф мазкур муаммони ҳал қилишнинг энг мақбул йўли, деб билишади. Лавров ғоясига кўра, ЭИР МАГАТЭ талабини бажариб, ядро дастури билан боғлиқ ҳар қандай амални “музлатади”. Кейинги босқичда БМТ Хавфсизлик кенгаши киритган санкция бекор қилинади.
Теҳроннинг бу вариантга кўниши қийин, албатта. Назарий жиҳатдан таклифни амалга ошириш енгил кўрингани билан, вазият аслида бошқача…
Таҳлилчилар ЭИР ташаббусни қўлига олиб, АҚШ ва Европани бу “ўйин”дан чиқариб ташламоқчи, дейишмоқда. Бинобарин, Ғарб ҳам осонликча “жон берадиганлар” хилидан эмас.
Яна муаллақ қолган муаммони вақт ҳукмига қолдиришдан бошқа илож йўқ…
Бугунча шу.
Келаси жумада хабарлашгунча!
Аброр Ғуломов,
ЎзА сиёсий шарҳловчиси