БМТнинг Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиясининг 67-сессияси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг барча минтақаларидан аъзо давлатлар делегациялари иштирок этди.
Сессияда рақамли технологиялар ва аёллар ҳуқуқлари муҳокама этилди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш инсоният ижодий ғояларсиз фан ва технология соҳасида ўз салоҳиятининг фақат ярмини амалга ошира олишига эътибор қаратди.
Тадбирда Ўзбекистон делегацияси гендер тенглик сиёсати, таълим ва илм фанда хотин-қизларга берилаётган имтиёзлар ва имкониятлар, хотин-қизлар ижтимоий ҳимоясини таъминлашдаги инновацион ёндашув, аёллар тадбиркорлиги ва бизнес йўналишида имкониятларни кенгайтиришда амалга оширилаётган ишлар юзасидан тўпланган тажриба ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон делегацияси БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг вакиллари билан учрашди.
Суҳбат чоғида улар Ўзбекистонда гендер тенглик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, гендер сиёсатнинг самарали натижаларини ва қабул қилинаётган қонунларни доимий кузатиб боришини эътироф этди.
Мулоқот давомида зўравонликни содир этган шахслар билан ишлаш бўйича стандарт операцион иш тартибларини (SOT) жорий этиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттириш, ОАВ вакиллари учун гендер бўйича ўқув-семинарларини ташкил этиш, гендер статистикасини самарали юритиш, зўравонликка учраган ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун тренинглар ўтказиш самарадорлигини яхшилаш масалалари муҳокама қилиниб, бу борада ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Делегация вакиллари «БМТ-аёллар» тузилмаси ижрочи директори ўринбосари Анита Бхатия билан учрашди. Мулоқот давомида у ҳам Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.
БМТ вакили 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳамда 2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастурни амалга оширишда техник ва молиявий кўмак жалб этилишида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Жумладан, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида инновация ва рақамли технология дастурларини ишга тушириш бўйича ҳамкорликка оид аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
БМТ сессияси доирасида вакилларимиз хорижий делегациялар билан икки томонлама учрашувлар ўтказди ва бир қатор келишувларга эришди.
ЎзА