Бош қомусимизга кўра, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.

Айбсизлик презумпциясини ташкил этувчи бу қоидалар Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар билан янада кучайтирилмоқда.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилаётган йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилганидек, янги қоидаларга кўра суднинг қонуний ҳукми чиқмагунча шахс айбсиз ҳисобланади. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади экани белгиланмоқда. Телефон сўзлашувларини эшитишга ҳам суд қарори билан рухсат этилади.

Муҳими, Конституция қоидалари келгусида тўғридан-тўғри амал қилади. Қомусий нормаларини  тўғридан-тўғри қўллаш учун Олий суд пленум қабул қилиниши кифоя қилади.

Бу янги меъёрлар инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги ҳимояси кучайишига хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА