Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Кун тартибидаги масала юзасидан Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов маъруза қилмоқда.

— Янгиланаётган Конституциямиз лойиҳасини ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этди. Умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушди. Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилиб, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда.

Яъни, амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда. Шу боис, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти, кўлами ва ҳажмидан келиб чиқиб, Конституциявий қонун лойиҳаси номи «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида» деб ўзгартирилди, — деди маърузачи.

М.Комилова, ЎзА