Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов кириш сўзи билан очиб, ўтган давр мобайнида Конституциявий ислоҳотлар бўйича амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, ўтган даврда Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар ва фикрлар асосида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Конституциямизга киритилаётган ўзгаришлар ҳамда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларни аҳолининг барча қатламларига етказиш мақсадида ОАВ ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланилди.

Умумхалқ муҳокамаси даврида вазирлик, идора ва ташкилотларда, сиёсий партияларда, сайловчилар билан учрашувларда аксарият депутатлар, сенаторлар, давлат органлари, фуқаролик жамияти институти вакиллари кўмагида жами 20 мингга яқин муҳокамалар ўтказилди.

Ялпи мажлис давом этмоқда.

 

М.Комилова,

ЎзА