Марказий кўргазмалар залида анъанавий “Баҳор вернисажи” кўргазмаси намойиш этилди. Ушбу вернисажда аёл-рассомларнинг бой ва ёрқин ижод намуналари яққол намоён бўлади.

Хусусан, унда республика ва халқаро кўргазмалар қатнашчилари батик ва гобелен усталари Светлана Шихова, Ирина Бурмистрова, Марина Пак ҳамда Оксана Залевскаяларнинг нафис шойи ва рангли қуроқларнинг мозаикаси орқали табиат оламининг гўзаллигини тараннум этувчи санъат асарлари намойиш этилди.

Шунингдек, борлиқдаги шакл фантазияси, тош, ёғоч ва лой фактуралари ҳайкалтарош Людвига Нестерович ва кулол Назира Кузиева томонидан тақдим этилган. Энг эътиборлиси, экспозицияда кружева тўқувчи уста Тен Ларисанинг шахсий кўргазмаси намойиш этилмоқда. Унинг яратган асарларида чизиқларнинг нафислиги ва ўзгача жозибасини кўриш мумкин.

Барча иштирокчилар, томошабинларга байрам кайфиятини улашиш мақсадида ўзларининг энг янги ва бутун олам гўзалликларини ўзида мужассам эта олган сара асарларини ҳавола қилмоқда.

Асарлар мавзуси албатта, баҳор фаслига, гўзаллик ва ҳар биримизда уйғонадиган ишонч, умид, муҳаббат инъом этадиган абадий ёшлик шижоатига бағишланган.

Кўргазма жорий йил 22 мартга қадар давом этади.

 

Гулноза Бобоева,

Ойбек Пардаев(сурат)ЎзА