Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича зарур ишларни амалга оширмоқда.

Болалар омбудсманига болаларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб ўтган йилда 696 мурожаат тушган.

Улардан 374 мурожаат тегишли тартибда кўриб чиқилиб, 64 таси қаноатлантирилган, 310 мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Алимент олиш ҳуқуқига доир 29 мурожаатни ўрганиш давомида Бош прокуратура томонидан 71 нафар тарбияланувчига ота-оналаридан 389,3 миллион сўм алимент ундириб берилиши таъминланган.

Омбудсман матбуот хизмати хабарига кўра, жамоавий мурожаатлар ҳам кўп учрамоқда. Оғир ирсий касаллик фенилкетонурия билан оғриган болаларнинг 500 га яқин ота-оналари фарзандлари учун мўлжалланган махсус тиббий озиқ-овқатлар етишмай қолаётгани, бу эса фарзандларининг саломатлиги ва ҳаётига хавф туғдираётганини маълум қилган.

Бу масалада Бош вазир ва Бош прокуратура, масъул вазирликлар ҳамда идораларга хат билан мурожаат қилингани натижасида болаларга махсус тиббий озиқ-овқатлар етказиб берилди.

Ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан 20 та мониторинг ташрифлари ўтказилди.

Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 22, 39-сонли ва Марғилон шаҳридаги 16, 24-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги тарбияланувчиларнинг овқатдан касаллангани ҳолатини Бола ҳуқуқлари бўйича вакил жойига чиқиб ўрганди.

Тайёрланган маълумот Бош прокуратурага киритилди. Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фарғона вилояти прокуратураси маълумотига кўра, мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш борасида ўтказилган текширишлар натижасида 277 нафар шахс маъмурий, 124 нафар шахс интизомий ва 23 нафар шахс моддий жавобгарликка тортилиб, етказилган 124 миллион сўм миқдоридаги зарар ихтиёрий қопланган.

Болалар омбудсмани бола ҳуқуқларини таъминлаш борасида идоралараро ишчи гуруҳлари таркибида ҳам фаолият юритмоқда.

Ҳисобот йилида умумтаълим муассасаларида болалар ўртасида тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш, Миср Араб Республикасига диний таълим олиш мақсадида чиқиб кетган болаларни Ватанга қайтариш, уларнинг узлуксиз ва изчил таълим олишини таъминлаш ҳамда болалар тиланчилигининг олдини олиш бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди ва бажаришга киришилди.

“2023-2030 йилларда Ўзбекистонда болаларга ғамхўрлик қилиш тизимини ноинституционаллаштириш стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Йил давомида Россия, Қозоғистон Бола ҳуқуқлари бўйича вакилларидан 15  мурожаат қабул қилиниб, барчаси ижобий ҳал этилган.

Чет элда ота-она қарамоғисиз қолиб кетган болаларни юртимизга қайтаришда Ички ишлар вазирлиги билан кенг ҳамкорлик қилинмоқда.

2022 йилда Россиядан жами 37 нафар, Қозоғистон Республикасидан 4, Туркия давлатидан 2 нафар, жами 43 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинган.

 

ЎзА